Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
49 нафар хорижий ўқитувчи фаолият олиб бормоқда
14:47 / 2026-01-28

Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 28 август куни мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб, мамлакатимиз бўйлаб 1 минг 500 нафар хорижий мутахассисни таълим тизимига жалб этиш вазифаси белгиланган эди.

Бу жараёнда шаҳар ва туман марказлари, шунингдек, туристик салоҳиятга эга ҳудудларга малакали хорижий педагогларни жалб этиш устувор йўналиш этиб белгиланди. Шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2025-2026 ўқув йили учун “Тил эгаси” лойиҳаси доирасида 98 нафар хорижий ўқитувчи учун буюртма шакллантирилди. Бугунги кунга қадар ушбу мутахассисларнинг 49 нафари Оролбўйига етиб келиб, умумий таълим муассасаларида ўз меҳнат фаолиятини бошлади.

Хорижий мутахассисларни умумий ўрта таълим мактабларига жалб қилишдан асосий мақсад ўқувчиларнинг нутқ кўникмаларини ривожлантириш, инглиз тилида табиий муҳит яратиш ва ёшларимизнинг жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларида таълим олиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Бугунги кунда ҳиндистонлик мутахассислар Нелсон Нибин ҳамда Ҳасни Ҳамза Мўйноқ туманидаги мактабларида ўқувчиларга инглиз тили ва адабиётидан дарс бермоқда. Улар  туманда таълим сифатини янада ошириш, педагог кадрларнинг билим ва тажрибасини халқаро даражага олиб чиқишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

–  Мўйноқлик ўқувчиларнинг хорижий тилларга, жумладан, инглиз тилига бўлган қизиқиши юқори, – деди ҳиндистонлик педагог Нелсон Нибин. – 2023 йилдан буён Ўзбекистонда ишлаб келяпман. Дастлаб Бухоро вилоятининг Олот туманида ўқувчиларга инглиз тили ва адабиётидан дарс бердим. Ҳозир бир йиллик шартнома билан Оролбўйининг энг чекка ҳудудида меҳнат қиляпман. Мактабларда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароитлар яратилган. Агар талаб бўлса, шартномани узайтириш ниятим бор.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан хорижий мутахассислар иштирокида таълим сифатини ошириш ва халқаро тажрибани оммалаштиришга қаратилган турли тадбирлар, ўқув семинарлари ўтказилмоқда.  

Жумладан, Тахтакўпир туманида Ҳиндистон давлатидан ташриф буюрган тажрибали педагог Шайх Салмон Али иштирокидаги семинарда таълим жараёнини ташкил этиш, инглиз тилини ўқитишда замонавий методларни қўллаш, ўқувчиларнинг оғзаки нутқ кўникмаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчиларга халқаро тажрибага асосланган амалий тавсиялар берилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири