Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилоят бошқармасида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда бюронинг вилоят бошқармаси раҳбарияти, масъул ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Матбуот анжуманида Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган режалар ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мазкур анжуманда таъкидланганидек, 2025 йилда амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида жами 4 трлн 890 млрд сўмга тенг бўлган 376 мингдан ортиқ ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланди. Бу эса ижро интизомини мустаҳкамлаш, фуқаролар ва ташкилотлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалий натижаларга эришилаётганидан далолат беради.
Хусусан, давлат фойдасига 1 трлн 9 млрд сўмдан ортиқ маблағ амалда ундириб берилган. Ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 99 млрд сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди.

Вояга етмаган шахслар манфаатларини таъминлаш доимий эътибор марказида бўлиб, ҳисобот даврида улар фойдасига 67 млрд сўмдан ортиқ алимент маблағлари ундирилди. Шунингдек, алимент ундируви билан боғлиқ 2 847 та оилани яраштиришга эришилган бўлса, 959 нафар ишсиз алимент тўловчи қарздорлар иш билан таъминланди.
Иқтисодий субъектлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича ҳам сезиларли натижалар қайд этилди. Жумладан, банклар фойдасига 281 млрд сўм, электр ва газ таъминоти корхоналари фойдасига 44 млрд сўм, бошқарув сервис компаниялари фойдасига эса 1,7 млрд сўм қарздорликлар амалда ундирилди.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш йўналишида ҳам тизимли ёндашув йўлга қўйилган. Жорий йил давомида бюро органларига келиб тушган 9 319 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 6 034 таси қаноатлантирилди.
Анжуманда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижро жараёнларини рақамлаштириш, электрон хизматлар кўламини кенгайтириш, шунингдек, коррупция омилларини бартараф этиш, шаффофлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган механизмлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири