Сўнгги йилларда мамлакатимизда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Шундай бўлсада, улар орасида қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, безорилик, ўғрилик, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ёки сотиш билан боғлиқ оғир жиноятлар ҳам учраб туради.
Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича дастурий принципларга кўра, ўсмир болалар тарбияси ва ҳимояси билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки оила, ижтимоий институтлар, мактаб, маҳалла ва ёшлар ташкилотлари ҳам шуғулланиши керак.
Шунга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий хавфли ҳолатга тушиб қолган йигит-қизларни ҳаётга қайтариш ҳамда уларда Ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги маълумотига кўра, тарбияси оғир 51 минг 455 нафар ёш 6 та ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларининг 4 минг 155 нафар масъул ходимига оталиққа бириктирилди. Олиб борилган индивидуал ишлар ва мунтазам учрашувлар натижасида 48 минг 747 нафар ёш соғлом ҳаёт тарзига қайтарилиб, жамиятда ўз ўрнини топишига амалий кўмак кўрсатилди.
Манзилли ёндашув доирасида эришилган муҳим натижалар қуйидагилардан иборат:
Жумладан, 22 минг 931 нафар ёш хулқ-атвори ижобий томонга ўзгаргани сабабли оталиққа олган масъулларнинг кафиллиги асосида муддатидан аввал пробация ва профилактика ҳисобидан чиқарилди.
Маҳалла раислари билан ҳамкорликда 4 минг 504 нафар дарс қолдираётган ўқувчи яна таълим жараёнига қайтарилди.
Ажрим ёқасида турган 2 минг 370 та ёш оила билан олиб борилган ишлар натижасида уларнинг ҳаёти тикланди.
Профилактика инспекторлари иштирокида 1 минг 754 нафар ёш гиёҳвандлик ва ёт ғоялар таъсиридан қайтарилди. Ўтказилган ватанпарварлик тадбирлари орқали уларнинг 709 нафари ҳарбий хизматга йўналтирилди. Ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда 4 минг 739 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, 815 нафари эса тартибли меҳнат миграциясига юборилди.
Ёшларда жисмоний чидамлилик ва Ватанга садоқатни мустаҳкамлаш мақсадида “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақалари ташкил этилди.
Ушбу тадбирлар орқали 284 минг нафар маҳалла ёшлари қамраб олинди. Шунингдек, маҳаллаларда ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ва ҳарбий қисмлардаги “Жасорат” йиғинлари натижасида 14 минг 388 нафар ёш ҳарбий хизматга саралаб олинди.
Жазони ижро этиш муассасаларидаги 9 минг 240 нафар ёш маҳкум билан ҳам учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди. Натижада уларнинг 5 минг 147 нафари касб-ҳунарга, 1 минг 648 нафари хорижий тилларни ўрганишга ҳамда 8 минг 496 нафари фойдали меҳнат фаолиятига жалб этилди.
Кўрилган комплекс чора-тадбирлар натижасида ўтган 11 ойда ёшлар жиноятчилиги 17 фоизга камайди.
Шу билан бирга, 4 минг 388 та маҳалла “ёшлар жиноятчилигидан холи ҳудуд” мақомига эга бўлди. Таққослаш учун, бу кўрсаткич ўтган йилда 3 минг 643 та маҳаллани ташкил этган эди.
Маълумотларга кўра, болалар ва ўсмирлар асосан 25 ёшдан кейин тўлиқ ривожланади. Жиноят содир этган ўсмирларнинг 80 фоизида улар улғайгач ижобий характер шаклланиб, жиноят йўлидан қайтгани аниқланган.
Таҳлилларда кўрсатилишича, жинояти учун ҳукм қилинган ўспирин кўп ҳолларда носоғлом муҳитда тарбия топган бўлиб чиқади. Уларнинг 30 фоиздан ортиғи ота-онасиз ёки тўлиқсиз оилада ўсган.
Шунингдек, ота ёки онанинг жиноят йўлига кириши боланинг ҳам шу йўлдан боришига туртки бўлувчи асосий омиллардан бири саналади.
Ўсмирлар орасида жиноятчиликнинг кўпаймаслиги учун оиладаги муҳитни яхшилаш, мактаб ва маҳаллада тартиб-интизомга бўлган эътиборни кучайтириш муҳим ҳисобланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА