Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
470 мурожаат: чек бермаслик, терминал ишламаслиги, ҳуқуқларнинг бузилиши
14:20 / 2022-02-10

Сирдарё вилоятида жами 273 та дорихона шохобчаси элга хизмат қиляпти. Уларнинг барчаси тўлов терминаллари, онлайн назорат касса машиналари билан таъминланган. Шундай бўлса-да, бугунги кунда ҳам улар орасида истеъмолчиларга харид қилган маҳсулоти учун харид чеки бермаслик ҳолатлари аҳён-аҳёнда учраб турибди.

Давлат солиқ хизмати органлари маълумотларига кўра, ўтган 2021 йил мобайнида савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида харид чеки бермаганлиги туфайли фуқаролардан келиб тушган жами 470 та мурожаатнинг 80 таси айнан дорихоналарга тўғри келган. Шу боис соҳа ходимлари дорихона ходимлари билан уларнинг манзилларига борган ҳолда сайёр учрашувлар ташкил қилиб, уларга касса аппаратларини қўллаш лозимлиги, харидорларга чек беришни рад этиш ҳолатларига йўл қўймаслик муҳимлиги юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтирмоқда.

Мазкур тарғибот-ташвиқот ишлари моҳиятини дорихона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига янада кенгроқ етказиш мақсадида вилоят давлат солиқ бошқармасида семинар ташкил этилди.

Соҳа мутасаддилари томонидан уларга солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, тадбиркорлар учун берилган янги имтиёз ва преференциялар ҳақида, истеъмолчиларга амалга оширилган ҳар бир харид учун харид чеки бериш лозимлиги, акс ҳолда содир этилган ҳуқуқбузарлик учун таъсирчан чора механизми қўлланилиши муқаррарлиги тушунтирилди.

– Солиқ қонунчилигида бўлган ўзгаришлар ҳақида тушунтиришлар берилди, – дейди София Пояркова. – Бунда чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида амалга оширган хариди учун берилган чекнинг фискал белгисини “Солиқ” мобиль иловасида матрицали штрих код — “QR-код” ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга харид суммасининг 1 фоизи “кешбек” тарзида қайтариб берилиши тушунтирилди. 

Сотиб олувчига чекларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали солиқ органларига хабар берган жисмоний шахсларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши ҳам айтилди. Шунингдек, рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун онлайн назорат касса машиналари ва виртуал кассага уланган, штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқиш ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилма — “2D-сканер”лардан мажбурий фойдаланиш талаби ўрнатилганлиги ҳақида хабардор бўлдик.

2023 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субектларига ушбу махсус “2D сканер” қурилмалари, онлайн назорат касса машиналарининг ҳар бирини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин битта қурилма учун БҲМнинг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорларнинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини камайтириш ҳуқуқи берилиши ҳақида мутахассислар маълумот берди.

Бу йўлда амалга оширилаётган солиқ ислоҳоти албатта “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериб, солиқ базасини кенгайтиришга қаратилгандир. Бу эса давлат бюджетига тушадиган маблағларнинг ортишига, шу орқали халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Учрашувда “Солиқчи — тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларни ҳал этишда солиқ хизмати органлари тадбиркорларнинг яқин ҳамкори ва маслаҳатчиси эканлиги таъкидланди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА