47 та оилага бир бошдан соғин сигир топширилди
Тошкент вилоятида коронавирус пандемияси пайтида хайрия тадбирларини амалга ошириш анча кўпайди.
Тошкент вилоятида коронавирус пандемияси пайтида хайрия тадбирларини амалга ошириш анча кўпайди. Аввало, вилоят ҳокими ташаббуси билан “Минг оилага – минг туҳфа!” хайрия акцияси доирасида мингта ижтимоий ҳимояга муҳтож, бемор ва ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бирига бир бошдан қорамол ҳадя қилиш тадбирлари давом этаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, меҳр-саховат тадбирида дастлаб Оққўрғон туманидан бошланиб, 47 та оиланинг ҳар бирига бир бошдан соғин сигир топширилди. Бундай савобли ишлар ҳозир бошқа туманларда ҳам давом этмоқда. Тадбиркорлар, фермерлар, бошқарма ва ташкилотлар ҳомийлиги ёрдамида амалга оширилаётган мазкур акция яқинда ўз ниҳоясига етади.
Коронавирус туфайли юртимизда карантин ҳолати эълон қилинганлиги сабабли жойлардаги ҳокимликлар ва вилоятдаги бошқармалар томонидан маҳаллаларда арзон нархларда озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этиляпти. Яқинда ана шундай савдо шохобчалари Юқори Чирчиқ туманинг бир қатор маҳаллаларида ҳам уюштирилди. Вилоят прокуратураси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси мутасаддилари карантин даврида одамларга қулайликлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан эканлигини таъкидлашди.

“Grand Pharm Trade” масъулияти чекланган жамияти ва тадбиркор М.Муҳаммедов томонидан ҳам арзонлаштирилган нархларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинди.
Қайд этиш жоизки, Бўстонлиқ туманида ҳам бундай савобли ишлар кўпайди. Вилоят давлат солиқ бошқармаси, туман прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, туман давлат солиқ инспекцияси томонидан “Беш тут” маҳалла фуқаролар йиғинида арзонлаштирилган нархларда савдо шохобчалари уюштирилди. Фуқароларга 500 дан ортиқ тиббиёт ниқоблари бепул тарқатилди. Шу билан бирга, туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази шифокорлари “Беш тут“ маҳалласидаги кўчалар ва 500 дан ортиқ хонадонни дезинфекция қилди.