Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
46,5 мингдан зиёд оила камбағалликдан чиқарилди
16:54 / 2025-12-31

Андижон вилоятида ҳам оилалар даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йил аввалида вилоятда камбағаллик даражаси 9,5 фоизни, камбағал оилалар сони эса 72 минг 440 тани ташкил этган. Ўтказилган сўровнома ҳамда “маҳалла еттилик”лари хулосаларига кўра, 63 минг 864 та оила “Камбағал оилалар реестри”га киритилди. Белгиланган чора-тадбирлар асосида йил якунига қадар камбағаллик даражасини 6,6 фоизгача пасайтириш режалаштирилган.

Вилоятда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида олиб борилган ишлар самараси ўлароқ, бу борада салмоқли натижаларга эришилди.

Жорий йилнинг ўн бир ойи давомида 30 минг 390 та камбағал оиладаги 139 минг 223 нафар аҳолини даромадли иш билан банд қилиш белгиланган. Амалда эса 46 минг 510 та оиладаги 202 минг нафар аҳолини даромадли иш, касб-ҳунар билан банд қилиш бўйича 87 минг 568 та хизматлар кўрсатилди. Жумладан, 35 минг 606 нафар фуқаро доимий иш ўрнига жойлаштирилди, 9 минг 360 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилди, шунингдек, 36 минг 668 нафар аҳоли тадбиркорликка жалб этилди, 5 минг 904 нафар киши касб-ҳунарга ўқитилди.

Масалан, Балиқчи туманидаги “Ботир” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рўзихон Қамбарованинг 4 нафар вояга етмаган  фарзанди бўлиб ўзи ишламас, турмуш ўртоғи ҳам мавсумий ишлар билан шуғулланар эди. Оиланинг ўртача ойлик даромади 2 миллион 100 минг сўмни ташкил этган. Натижада ушбу оила “Камбағал оилалар реестри”га киритилган.

[gallery-26982]

Бу оилани камбағалликдан чиқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Оила бекаси Рўзихон Қамбаровага хизмат кўрсатиш йўналишида 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Кредит ҳисобига турмуш ўртоғи савдо дўкони ташкил этиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Бугунги кунга келиб ушбу оила ойига ўртача 5 - 5,5 миллион сўм даромад топмоқда.

Шаҳрихон тумани “Янги маҳалла” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Дурдона Адилова йил бошида “Камбағал оилалар реестри”га киритилган. Унга “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида 10 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, мазкур маблағ ҳисобига ўз хонадонида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйди. Шунингдек, бириктирилган раҳбар ва ҳоким ёрдамчиси томонидан унинг оиласига қора мол берилди, томорқасининг 1 сотих майдонига иссиқхона қуриб берилди. Ойига 6-7 миллион сўм даромад топа бошлаган ушбу оила бугунги кунга келиб реестрдан чиқарилди.

Фуқаролар бандлигини таъминлаш, оилаларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган юқоридаги каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин.

Умуман, вилоятда камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида жорий йил якуни билан камбағаллик даражаси 3 фоизга туширилиши кўзда тутилмоқда.

Ф.  Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари