Мамлакатимизда қулай бизнес муҳитини яратиш, назорат қилувчи органлар масъулиятини ошириш ва тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсман девони томонидан 46 та назорат қилувчи орган фаолияти юзасидан ўтказилган сўровнома якунлари тадбиркорлик муҳитидаги бир қатор муаммоларни аниқлади.
Жумладан, сўровномада қатнашган тадбиркорларнинг фикрига кўра, 74,6 фоиз ҳолатда тадбиркорларга текширувдан олдин ўз ҳуқуқлари, хусусан, адвокат ёки жамоатчилик вакилини жалб қилиш ҳуқуқи тушунтирилмаган.
70,1 фоиз ҳолатда тадбиркорлар текширишга асос бўлган расмий ҳужжатлар билан таништирилмаганликларини билдирган.
83,9 фоиз текширувларда "Текширувларни рўйхатга олиш электрон китоби" тўлдирилмасдан қолган.
Шунингдек, 32,8 фоиз ҳолатда тадбиркорлар текширув давомида "ёрдам бериш" эвазига назоратчилар томонидан турли хизматлар ёки шахсий илтимослар қилинганини таъкидлаган.
Гулноза Бобоева, ЎзА