French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
451 нафар бола ноқонуний равишда мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилинган
16:13 / 2021-02-08

Бугунги кунда мамлакатимизда 18 минг 254 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 6 минг 197 таси давлат МТТ, 10 минг 244 таси оилавий шаклдаги МТТ, 788 таси давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги МТТ, 1 минг 25 таси эса хусусий шаклдаги МТТдир. Ушбу муассасаларда 1 миллион 699 минг 566 нафар бола тарбияланмоқда.

Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Ёш авлодга боғчадан бошлаб сифатли таълим-тарбия бериш, уларни жисмоний ва маънавий соғлом ва ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаш борасида белгиланган устувор вазифалар” мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.  

– Тизимдаги барча МТТларидаги таълим-тарбия жараёнлари илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари ва “Илк қадам” мактабгача таълим ташкилотининг давлат ўқув дастури асосида амалга оширилмоқда, – деди мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Йўлдошев. 

– Дастур асосида "Бардам болажон", "Равон нутқ", "Lucking english", "Рақс жилоси", "Болажон ошхонаси", "Ижодий устахона", "Моҳир қўллар", "Ментал арифметика" каби машғулотлар яратилди ва Миллий телерадиокомпаниянинг “Болажон” канали орқали намойиши йўлга қўйилди.

Сифатли мактабгача таълим бериш асосларидан бири малакали педагог кадрлар ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида ушбу йўналишда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилган. Жумладан, “Мактабгача таълим” бакалавриат таълими йўналиши бўйича олий таълим муассасаларига қабул қилиш квоталари оширилиб, мазкур йўналишда ўқиш муддати уч йилгача қисқартирилди.

Бундан ташқари, мактабгача таълим ёшидаги болажонларнинг ёши ва индивидуал хусусиятлари, ривожланиш даражаси ва соғлиғининг ҳолатига кўра, ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларни ўқитиш, тарбиялаш, нуқсонларни коррекция қилиш ва ижтимоий мослаштиришга қаратилган мақбул шароитларни яратиш учун давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилган.  

Вазирлик томонидан халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларининг мутахассислари учун “Илк қадам” мактабгача таълим муассасасининг давлат ўқув дастури асосида махсус эҳтиёжга эга 2 ёшдан 7 ёшгача ақли заиф, нутқида ва таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган, кар ва заиф эшитувчи, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун 5 та мутахассислик йўналиши бўйича мослаштирилган, уйғунлашган ва якка тартибдаги таълим йўналиш тамойилларига асосланган ўқув дастури яратилди.  

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг таъкидлашича, ички аудит хизмати томонидан мактабгача таълим ташкилотларига давлат бюджети томонидан ажратилаётган маблағларнинг сарфланиши юзасидан доимий назорат олиб борилади. Ички аудит хизмати томонидан 2020 йил давомида мактабгача таълим бўлимлари ва мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган 611 та назорат тадбирида жами 51,8 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.  

Ноқонуний харажат ва камомадлар асосан иш ҳақи ва озиқ-овқат харажатларига ажратилган маблағларни ноўрин сарфлаш натижасида келиб чиқмоқда.  

Яна бир қизиқ томони, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” талабларига зид равишда 451 нафар бола ноқонуний равишда мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилинган.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, бюджет маблағларининг оқилона сарфланишини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, талон-торожликларни аниқлаш бўйича вазирлик томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА