Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
45 та кичик саноат зонаси ташкил этилади
19:03 / 2022-07-16

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг ижроси юзасидан бугунги кунда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фармонга асосан Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун 2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача қатор имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, жорий йил 1 июнь ҳолатига жами 611 та кичик бизнес субъекти мавжуд бўлиб, шундан, маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун солинадиган фойда солиғи учун 17 та субъектга 265,1 миллион сўм, айланмадан олинадиган солиғи учун 161 та субъектга 617,2 миллион сўм, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиғи учун жами 298 та субъектга 3 миллиард 275,9 миллион сўм, мол-мулк ва ер солиғи учун жами 136 та субъектга 4 миллиард 851,9 миллион сўм корхоналар ихтиёрига қолдирилиши кўзда тутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2022-2023 йилларда амалга оширилиши белгиланган 50 миллиард ва ундан ортиқ бўлган давлат бюджети маблағи ҳисобидан ташқи инфраструктура билан таъминлаш бўйича дастлабки 8 та лойиҳани рўйхати шакллантирилди. Ушбу лойиҳаларга жами 4,9 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиши белгилаб олинди.

Шунингдек, Мўйноқ тумани ҳудудида 2022 йилда “MUYNAK LDSP” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 81 миллиард 208 миллион сўм бўлган “Қамишдан қурилиш материаллари (панель) ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси”ни амалга оширилиши белгиланган. Бугунги кунда лойиҳага Хитой Халқ Республикасидан мутахассислар билан бирга керакли асбоб-ускуналар келтирилиб, лойиҳанинг қурилиш, келтирилган асбоб-ускунани ўрнатиш ва коммуникация тармоғини тортиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳани жорий йил октябрь ойида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

[gallery-7939]

Транспорт воситаларида юк ташиш бўйича имтиёзлар берилишини амалга ошириш бўйича топшириқ ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 14 та экспортчи корхонанинг 1250,3 миллион сўмлик транспорт харажати қоплаб берилган.

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасига 18 та корхона томонидан 8 миллиард сўмлик ортиқча тўланган ҚҚС қайтарилиши бўйича мурожаат қилинган. Бугунги кунга 15 та корхонага 7,6 миллиард сўмлик ортиқча тўланган ҚҚС ҳисоб-рақамига қайтарилиб берилди. Қолган 3 та корхона аризаси тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда.

Юқорида қайд қилинган фармон асосида Қорақалпоғистон Республикасида 94,6 гектар ер майдонида 45 та кичик саноат зонасини ташкил этиш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2022 йил 8 апрелдаги “Қорақалпоғистон Республикасида кичик саноат зоналарини кенгайтириш ва улардан натижали фойдаланиш чоралари тўғрисида”ги қарорига асосан Нукус шаҳри ва Элликқалъа туманларида 2 тадан, Амударё, Беруний, Қўнғирот, Нукус, Хўжайли ва Чимбой туманларида биттадан таклиф киритилиб, шундан 10 та кичик саноат зонасида (19,9 гектар ер майдонида) муҳандислик-коммуникация ва инфратузилмаларини тиклаш ишларининг манзилли рўйхати шакллантирилган.

Шунингдек, Мўйноқ тумани “Мўйноқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 гектар, “Талли ўзак” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 гектар, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 гектар ер майдони танлаб олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига таклиф киритилди.

Мазкур фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2021 йил 29 ноябрдаги қарори қабул қилиниб, белгиланган вазифалар ва топшириқлар ижроси юзасидан тегишли вазирлик, ташкилот ва идоралар билан биргаликда мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА