45 нафар қоракўллик ёшлар деҳқончилик билан шуғулланади
Бухоро вилояти Қоракўл туманида уйма уй юриш натижасида аниқланган ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бухоро вилояти Қоракўл туманида уйма уй юриш натижасида аниқланган ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тумандаги Солур маҳалла фуқаролар йиғинидан деҳқончилик қилиш истагини билдирган 45 нафар ишсиз ёшларнинг ҳар бирига 0.25 гектардан жами 11 гектардан ортиқ ер майдони ажратилди.
Ёшларга ер ажратиш жараёнида махсус техникалар орқали ерларга ишлов берилиб, экинга тайёр ҳолга келтирилди. Туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан ёшлар билан суҳбат ўтказилиб, деҳқончилик ишларини олиб боришдаги тегишли кўникма ва тавсиялар берилди.
– Ёшларга қаратилаётган бундай эътибордан жуда мамнунман, – дейди Солур МФЙда истиқомат қилувчи Эрали Жўраев. – Келажакда ажратилган ердан оқилона ва самарали фойдаланиб, оиламдаги иш билан банд бўлмаган, хорижий давлатда ишлаш учун бориб келаётган ака-укаларимни,тенгдошларимни ҳам фойдали меҳнатга жалб қиламан. Деҳқончилик, боғдорчилик маҳсулотларини етиштириб, бозорларимиз тўкинлигига ҳисса қўшаман.
Давлат раҳбарининг томорқадан унумли фойдаланиш тўғрисидаги даъватини биринчилардан бўлиб амалиётга татбиқ қилган қоракўллик ёшлар, ўзларининг шахсий даромадларини ҳам ошириб, мамлакатимизда мева ва сабзавот маҳсулотлари тўкинлигини таъминлашга бел боғлаган.