Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
4,5 мингдан зиёд раҳбар ишсиз ёшларга бириктирилган
11:36 / 2025-11-21

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, жамиятга янги қадам қўяётган ёшларни иш билан банд қилиш масалаларига давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада маҳалла тизимидан бошлаб қатор амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Натижада шу йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси фракциялари ҳамда Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи ҳамкорлигида ўтказилган “Касбий таълим сифатини ошириш — ёшлар бандлигини таъминлашнинг муҳим омили” мавзусидаги давра суҳбатида ушбу йўналишдаги ишлар атрофлича муҳокама қилинди.  

Депутатлар, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари, Парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этган тадбирда қуйи палата Спикери ўринбосари Мавлуда Хўжаева мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларга тўхталди.  

Қайд этилганидек, таълим ташкилотлари битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграциясини кучайтириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича алоқадор вазирлик ва идоралар томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ишсиз ва бизнесини бошлаш истагидаги 384,4 минг ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёшлар бандлиги дастури” қабул қилиниб, 161,5 минг ёшлар бандлиги таъминланган. Давлат идораларининг 4 минг 546 нафар раҳбари 115,8 минг ишсиз ёшга бириктирилиб, 67,2 минг ёшларнинг бандлиги таъминланган. “Ёшлар дафтари”га киритилган 5,8 минг ёшларга субсидия ажратилиб, ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилган.

Таъкидланганидек, ўтган даврда республика бўйича 400 та умумтаълим мактабида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилган. Ушбу мактабларда 25 минг 746 нафар 10-11-синф ўқувчилари 2 та йўналиш — замонавий ахборот технологиялари ва ишчи касбларга оид мутахассисликларда ўқитилмоқда.

Тадбирда 2025 йил якунига қадар 224,4 минг ишсиз ва таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш чоралари кўрилиши қайд этилди. Бунинг учун давлат идоралари раҳбарлари томонидан ўзларига бириктирилган ишсиз ёшларнинг 60,1 минги иш берувчи корхоналарга жойлаштирилади. “Ёшлар бандлиги дастури” орқали 164,3 минг ёшлар хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитилиб, бандлиги таъминланади. Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси томонидан ёшларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 1,5 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

Давра суҳбатида депутатлар касбий таълим сифатини ошириш, ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги айрим камчиликларга эътибор қаратди. Талаба-ёшларни меҳнат бозорига интеграция қилиш, бандликни таъминлашга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш бўйича таклиф-тавсиялар берилди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА