Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” эзгу тамойилини ҳаётдаги амалий ифодасини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, аҳоли мурожаатларига қулоқ тутиш, кўп йиллардан бери ҳал этилмаётган муаммо ва масалаларни қонуний ҳал этишга эътибор қаратилмоқда.
Бундай жараёнларда Наманган вилояти Адлия бошқармалари, шаҳар, туман адлия бўлимлари ҳам фаоллик кўрсатиб, фуқаролар мурожаатларини ўрганиб, қонуний ечим топишда кўмаклашмоқда.
Хусусан, Уйчи тумани мактабгача таълим бўлимига қарашли 5- ва 16-сонли мактабгача таълим ташкилотларида ҳамшира бўлиб ишловчи ходимларга узлуксиз иш фаолияти 20 йилдан ортиқни ташкил этганлиги сабабли иш берувчи томонидан 2021 йилда тўлаб берилмаган устама ҳақлари ундириб беришга эришилди. Ўрганишлар якунига кўра, жами 45 нафар ҳамширага тўлаб берилмаган 91 миллион сўмдан ортиқ устама пуллари ундириб берилди.
Мазкур туманнинг Эзгулик маҳалласида яшовчи Санобар Муйдинованинг узоқ йиллар маҳалла фуқаролар йиғини тизимида котиб, хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи вазифаларида фаолият юритганлиги, бироқ фойдаланилмаган таътил пуллари ололмаганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди. Бунинг натижасида, собиқ маҳалла ходимасига 7 056 000 сўм таътил пуллари тўлаб берилиши таъминланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА