Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
440 минг сўм осмондан олинган рақам эмас
19:56 / 2021-05-31

Аввал хабар берганимиздек, бугун АОКАда Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия вазирликлари, Давлат статистика қўмитаси, Республика Пенсия жамғармаси ҳамда бошқа мамлакатимиз иқтисодий комплекси таркибига кирувчи ташкилот ва идоралар мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида кўпдан бери кутилган рақам, яъни Ўзбекистонда ҳар бир кишига ойлик минимал истеъмол харажатлари қиймати эълон қилинди.

–Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида мутасадди идоралар зиммасига минимал истеъмол харажатлари миқдорини аниқлаш ва эълон қилиш вазифасини қўйган эди, – дейди Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Бош мутахассиси Ҳаётжон Қосимов. – Уни аниқлаш учун катта тайёргарлик кўрилди, халқаро тажрибалар ўрганилди. 

Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа иқтисодий комиссияси тавсияларига амал қилинди. Бундай хулосага, албатта, ўз-ўзидан келингани йўқ. Республикамизнинг барча ҳудудидан 10 мингга яқин уй хўжалиги ҳаёти инсон омилисиз танланиб ўрганилди. Уй хўжаликларида танланма кузатувлар халқаро стандартлар асосида амалга оширилди. 

Бунинг учун электрон қурилмалар (планшетлар)дан фойдаланилди: автоматлаштирилган шахсий сўров технологияси жорий қилинди. Жаҳон банки ва Давлат статистика қўмитаси ўртасида имзоланган келишувга асосан Жаҳон банки томонидан уй хўжалиги танланма кузатувини ўтказиш мақсадида 140 дона планшет тақдим этилди. Уй хўжаликлари билан ўтказиладиган сўров жараёнларини автоматлаштириш орқали маълумотларни олиш тезкорлиги ва ҳаққонийлиги таъминланди, таҳлилий ишлар сифати оширилди.

[gallery-2616]

Журналист сифатида камина ҳам Қибрай туманидаги Товкентепа маҳалласидаги учта хонадонда ўрганиш жараёнида иштирок этдим. Бир уй хўжалигини планшет воситасида ўрганиш учун қарийб уч соатга яқин вақт сарфланди. Даромад ва харажатлар борасида 2 мингга яқин савол берилди. Ўрганиш жараёнида фақат озиқ-овқат эмас, балки кийим-кечак, коммунал тўловлар, турли хизматлар, таълим, соғлиқ, ҳордиқ чиқариш билан боғлиқ барча сарф-харажат инобатга олинди. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, бугун эълон қилинган Ўзбекистон аҳолисининг киши бошига бир ойда белгиланган минимал истеъмол харажатлари ( 440 минг сўм) осмондан олинган рақам эмас, балки узоқ ва қатъий ўрганишлар, савол-жавоблар натижасидир.

Анжуманда таъкидланганидек, минимал истеъмол харажатлари биз билган Яшаш минимумидан фарқ қилади. Минимал истеъмол харажатлари уй хўжаликларининг реал истеъмол харажатлари ва таркибини ўрганиш асосида уларнинг соғлом ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган озиқ-овқатларнинг минимал энергиявий қиймати ва ноозиқ-овқат маҳсулот ҳамда хизматлар учун харажатларнинг ҳисобланган қийматидир. 

Минимал истеъмол харажатлари аҳолининг камбағал қатлами реал истеъмолидан келиб чиқиб статистик усулда, Яшаш минимуми эса меъёрий статистик усулда ҳисобланади. Минимал истеъмол харажатларида истеъмол таркибининг ўзгариши тўлиқ инобатга олинади, Яшаш минимумида эса истеъмол таркибининг ўзгаришини инобатга олиш даражаси паст. Улар ўртасида яна бир қанча фарқли жиҳатлар бор.

Анжуманда халқаро экспертлар минимал истеъмол харажатларини белгилаш жараёнини қўллаб-қувватладилар, уни ўрганиш ва ҳисоб-китоб қилишда халқаро тажриба ва амалиётдан фойдаланилганлиги эътироф этилди.

Таъкидланганидек, минимал истеъмол харажатлари, албатта, реал ҳолатдан келиб чиқиб индексация қилиб борилади. У қотиб қолган ёхуд ўзгармас рақам эмас. У, энг аввало, давлат зиммасига катта масъулият юклайди. Камбағаллик чегарасини белгилайди. Иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини аниқлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш учун янги чора-тадбирлар белгилашда муҳим ўрин тутади.

Мутасадди идоралар вакиллари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларига жавоб берди.

 

И. Нусратов, ЎзА