Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида давом этаётган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 5 август куни 7-тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Ушбу турда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Перу шахматчиларига қарши дона сурди. Дастлаб Нодирбек Ёқуббоев Кристиан Круз устидан ғалаба қозонди. Унинг ортидан Нодирбек Абдусатторов ҳам муваффақият қозонди. Рапид йўналишида жаҳоннинг энг ёш чемпиони бўлган ҳамюртимиз рақиби Эмилио Корбовага ҳеч қандай имконият қодирмади.

Шунингдек, ҳамюртларимиздан Шамсиддин Воҳидов Дейв Сигуенас, Жаҳонгир Воҳидов эса Брайн Себастян Рамиреслар устидан ғалаба қозонди. Якуний натижа – 4:0, Ўзбекистон фойдасига.
Ушбу ғалабадан сўнг Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 14 имкониятдан 12 очко жамғарган ҳолда қўшимча коэффициентларга кўра пешқадамга айланди.

Ҳиндистон-2, Ҳиндистон, Арманистон ва АҚШ терма жамоалари ҳисобида ҳам 12 тадан очко бор. Аммо улар қўшимча коэффициентларга кўра вакилларимиздан ортда қолишмоқда.
Афсуски, қизларимиз Сербия терма жамоасига имкониятни бой бериб қўйди, Ўзбекистон – Сербия – 1,5:2,5.
О.ЭШМАМАТОВ, ЎзА.