French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
43 мингдан зиёд тадбиркорнинг 48 минг 396 та лойиҳаси жамғарма томонидан қўллаб-қувватланди
17:08 / 2022-11-29

Айни вақтда мамлакатимизда 513 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектлари фаолият юритмоқда ва бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 2,3 баробарга кўп.

Маълумки, мамлакатимизда кичик бизнес субъектларига кредитлар ва лизинг шартномалари бўйича фоизларнинг бир қисмини тўлаш учун компенсация ҳамда кредитлар бўйича кафолатлар бериш, тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш мақсадида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилган эди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида жамғармага қатор вазифалар белгиланган. Жамғарма томонидан кичик тадбиркорлик субъектларининг тижорат банкларидан бозор тамойиллари асосида олинган банк кредитлари учун кафиллик ва компенсация кўринишидаги молиявий ёрдам ажратилади.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 10 ойида қабул қилинган буюртмалар ҳисобига 2017-2022 йилларда қабул қилинган мажбурияти 10,5 фоизга ортиб, жами 16 минг 302 миллиард сўмни ташкил этди. Натижада 43 минг 118 та тадбиркорнинг 48 минг 396 та лойиҳаси жамғарма томонидан қўллаб-қувватланган.

Жорий йил 1 ноябрь ҳолатига 6,1 триллион сўм миқдорида фоиз тўловлари бир қисмини компенсация, 10,2 триллион сўм миқдорида кафилликлар бўйича мажбуриятлари мавжуд бўлиб, жами мажбуриятлар 16,3 триллион сўмни ташкил этмоқда.

Битта тадбиркорга тўғри келадиган кафилликнинг энг паст кўрсаткичи Қашқадарё вилоятида 391,3 миллиард сўмни, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида1 триллион 420,9 миллиард сўмни ташкил этди.

Худди шунингдек, битта тадбиркорга тўғри келадиган компенсациянинг энг паст кўрсаткичи Қашқадарё вилоятида 119,5 миллиард сўмни, энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида 330,3 миллиард сўмни ташкил этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, соҳалар бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб борувчи тадбиркорларга тақдим этилган молиявий ёрдам юқори ўринни эгалламоқда.

Жорий йилнинг 10 ойи давомида жамғарма томонидан 4 минг 248 нафар тадбиркорнинг 4 минг 596 та лойиҳасига 7 триллион 620 миллиард сўм ажратилган. Кредит учун 1 триллион 586 миллиард сўм молиявий ёрдам кўрсатилган.

Хусусан, компенсация ёрдами бўйича 3 минг 33 нафар тадбиркорнинг 3 минг 291 та лойиҳасига 4 триллион 905 миллиард сўм кредит ажратилган. Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига жами олинган мажбуриятлар 6 триллион 631 миллиард сўмга ёки 40,7 фоизга камайиб, 9 триллион 671 миллиард сўмни ташкил этди.

Жамғарманинг берган маълумотига кўра, Халқаро молия институтлари ва бошқа донорлардан жалб этиладиган қарз маблағлари 267,9 миллиард сўм, кафилликлар беришдан тушадиган даромадлар – 9,6 миллиард сўм, давлат бюджетидан трансфертлар – 250 миллиард сўм, бошқа даромадлар – 106,4 миллиард сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, кафилликлар тақдим этишдан тушадиган даромадлар миқдори режа кўрсаткичлари 21,8 миллиард сўмга кам бажарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 миллиард сўмга кам демакдир.

Жамғарма ҳисобидан 940,4 миллиард сўм харажат амалга оширилиб, режа кўрсаткичларига нисбатан 253,5 миллиард сўмга кам ёки 78,8 фоизга бажарилди.

Жамғармани сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун 13,7 миллиард сўм (харажатларнинг 1,5 фоизи) йўналтирилди. Жамғарма маблағлари қолдиғи 409,7 миллиард сўмни, кафиллик мажбурияти леверажи 6,4 фоизни ташкил этди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА