МСК Раиси иштирокидаги ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилганидек, сайлов қонунчилигига мувофиқ жорий йилнинг 14-20 октябрь кунлари сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш ўтказилди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар деб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида жами 421 минг 618 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берган бўлиб, мамлакатимиз бўйича 301 минг 94 нафар сайловчи ҳамда хорижий давлатларда 120 минг 524 нафар сайловчи-Ватандошларимиз иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бошланган 2021 йилнинг 24 июлидан буён Марказий сайлов комиссиясига 517 та мурожаат келиб тушди. Шундан 123 таси ёзма, 117 таси оғзаки, 277 таси эса Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали келиб тушди. Марказий сайлов комиссияси томонидан 14 сентябрь куни иш бошлаган тезкор ишонч телефони - “Call-center”ига “1200” қисқа абонент рақами орқали жами 383 та мурожаат келиб тушди.
Н.Насриев,
ЎзА