Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этиб, мамлакат тараққиётида “яшил” энергетиканинг ўрни тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарнинг таъбири билан айтганда, бугунги кунда иқтисодиётнинг жадал ўсиши ва аҳоли эҳтиёжининг ошиб бориши энг аввало ишончли, узлуксиз ва экологик тоза энергия таъминотини талаб этмоқда.
Маросим доирасида қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объектлари ишга туширилиб, яна 21 та лойиҳанинг қурилишига старт берилди. Кейинги йилларда энергетика соҳасига 35 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилингани ва 9 минг мегаватт қувватлар ишга туширилгани мамлакатда энергия таъминоти миллий даражада мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Жиззах вилоятининг Фориш туманида Хитойнинг “China State Electrical”, “China Electrical Equipment”, “CHD” ва “Poly Changdo” компаниялари иштирокида барпо этилган 500 МВт қувватли фотоэлектр станцияси тармоғининг 200 МВт қисми расман фойдаланишга топширилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган “яшил” энергетика улушини ошириш вазифаси ана шундай лойиҳалар орқали кескин суръатда амалга оширилмоқда. Мамлакат 2030 йилга бориб энергетика балансида қуёш энергияси улушини 6 фоизга етказишни мақсад қилган.
Фориш туманидаги “Эгизбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган мазкур станция 1058 гектар майдонни эгаллаб, 1000 нафарга яқин мутахассис меҳнати билан қисқа вақтда қуриб битказилди. 2024 йил декабрь ойида бошланган қурилиш ишлари икки босқич асосида жадал суръатда амалга оширилди. Бир неча километрга чўзилган қуёш панеллари туфайли бир йил муқаддам тап-тақир даштлик бўлган ҳудуд бугун мамлакат энергетика харитасидаги муҳим нуқтага айланди.
[gallery-26602]
Лойиҳа иштирокчиси, “QAQC” менежери Сун Жҳэн (Sun Zhen)нинг таъкидлашича, 100 нафардан зиёд хитойлик мутахассис ва маҳаллий кадрлар ҳамкорлигида ишлар изчил олиб борилмоқда. 2024 йил сентябрда биринчи, декабрда эса иккинчи босқич ишга туширилди ва 200 МВт қувват аллақачон ток ишлаб чиқармоқда. Мажмуа 2026 йил март ойигача тўлиқ қувватда ишлашга мўлжалланган.
Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси Зафаробод подстанциясига узатилади ва у ердан аҳолига ҳамда ташкилотларга етказилади.
Бундан ташқари, Жиззах шаҳрига тоза энергия етказиш мақсадида 500 та ҳаво электр узатиш тармоғи устунлари ўрнатилиши белгиланган. 350 миллион долларлик ушбу мажмуа “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили”нинг энг йирик амалий қадамларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Тадбирда иштирок этган Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг таъкидлашича, станция нафақат барқарор энергия таъминотини, балки маҳаллий бандликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, камида яна 50 та доимий иш ўрни яратилади.
А. Қаюмов, ЎзА