English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
419 нафар аҳолига моддий кўмак кўрсатилди
12:50 / 2025-12-13

Ширин шаҳрида 2025 йилнинг январидан декабрига қадар 419 нафар аҳолига жами 4,575 миллиард сўм миқдорида нафақа ва бир марталик моддий ёрдамлар берилди. Бу маблағ болаликдан ногиронлик нафақаси, парвариш нафақаси, ёшга доир нафақа, ногиронлик нафақаси, боқувчисини йўқотганлик нафақаси ва оғир ногирон ҳамда ёлғиз кексаларга моддий ёрдам каби барча турларни қамраб олди.

Эътиборли жиҳати, нафақа ва ёрдамлар электрон, очиқ ва манзилли тарзда тақсимланмоқда. Шунингдек, Президентнинг 2025 йил 2 апрелдаги "Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида оилаларнинг коммунал харажатларини енгиллаштириш мақсадида электр энергияси ва газ сарфи меъёрдан ошган қисми учун компенсациялар ҳам амалга оширилмоқда. Июнь—декабрь ойлари мобайнида 912 та оиладан ариза қабул қилинган, шулардан 196 таси тасдиқланиб, жами 11,1 миллион сўм тўлаб берилди.

Қишки мавсум олдидан оғир тоифадаги аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 592 та оилага бир марталик 1 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратилди. Улардан 445 таси реестрдаги оилалар, 147 таси эса маҳалла еттилиги томонидан аниқланган эҳтиёжмандлар ҳисобланади.

Ширин шаҳрида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да йил бошида 320 та оила рўйхатда бўлган бўлса, шаҳарнинг умумий оилалари сонига нисбатан бу 5,4 фоизни ташкил этган. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан оилаларнинг иқтисодий ҳолати қайта кўриб чиқилиб, моддий аҳволи яхшиланган 97 та оила рўйхатдан чиқарилди. Бу орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчилар сони 326 тага етди.

Шаҳарда аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар мамлакатимиздаги ижтимоий сиёсатнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Нафақа ва моддий ёрдамлар адолатли ва шаффоф тарзда тақсимланиши ҳар бир эҳтиёжманд фуқарога кўмак беришни таъминлайди.

Ғулом Примов, ЎзА