Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан республикамизга четдан олиб келинаётган энергетик ичимликларни ҳужжатларда гўёки салқин ичимликлар тарзида кўрсатишга уринишларга чек қўйилди.
Жумладан, «Чуқурсой» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Кореядан келтирилган қиймати 41,2 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи 16,3 минг литр ичимлик божхона юк декларациясида алкоголсиз ва газланмаган қаҳвали ичимлик тарзида кўрсатилгани аниқланди.
Аммо божхона кўриги давомида ушбу маҳсулот таркибига нисбатан шубҳа туғилгани сабабли ичимлик намуналари Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясида экспертизадан ўтказилади.
Экспертиза хулосасига асосан, мазкур ичимликлар энергетик ва тетиклантирувчи ичимлик экани маълум бўлди ва ушбу товарларга нисбатан салкам 37 млн. сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Худди шундай ҳолат «Сирғали» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам фош қилинди.
Буни қарангки, хориждан келтирилган 47,5 минг литр энергетик ичимлик бу гал ҳужжатларда кучли газланган ичимлик тарзида қайд этилган. Ҳозирда ушбу маҳсулотларга нисбатан ҳам салкам 80 млн. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда ҳам энергетик ва тетиклаштирувчи ичимликларнинг ҳар бир литри учун 2000 сўм миқдорида акциз солиғи белгиланган.
Ҳозирга қадар республикамизга четдан келтирилган қиймати 31,4 млн. АҚШ долларига яқин салкам 33 минг тонна энергетик ичимлик учун божхона органлари томонидан давлат бюджетига 22,3 млрд. сўмлик акциз солиғи ундирилди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА