Судлар фаолияти ўрганилиб, камчиликка йўл қўйганларига интизомий жавобгарлик чоралари кўриш давом этмоқда.
Ўтган йили 19 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган бўлса, жорий йил биринчи чорагида эса 22 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилди.
Ўтган йилда ваколат муддати тугаган 12 нафар судья навбатдаги муддатга нолойиқ, деб топилган бўлса, 2022 йилнинг биринчи чорагида бу миқдор 4 нафарни ташкил этган.
Бу рақамлар Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этиш керакки, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамияти органи бўлиб, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишни таъминлашга кўмаклашади.
Кенгаш ўз вазифаларидан келиб чиққан ҳолда профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш, кадрлар салоҳиятини ошириш борасида изчил ишларни амалга оширмоқда.
Судьяларни тайинлаш, вакант лавозимларни тўлдириш бўйича очиқ ва ошкора танловлар ўтказилмоқда.
Танловлар натижасида 2021 йилда 460 нафар судьялик (умумий номзодларнинг 70,4 фоизи) лавозимига тайинланди. 2022 йилнинг 1-чорагида 76 нафар
судья лавозимга тайинланди. (Жорий йил 25 март ҳолатига суд тизимида вакант ўринлар сони 38 та (2,9 фоиз) ташкил этди.
Республика бўйича суд тизимида судьялик лавозимида ишлаётган судьялар сони айни пайтда 1 минг 292 нафарни ташкил этади.
Судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш ва керакли чоралар қўллаш ҳам Судьялар олий кенгашининг устувор вазифаси ҳисобланади.
Ўтган йилда одил судловга аралашиш билан боғлиқ тўрт ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурорга ўз вақтида тақдимномалар киритилди.
Натижада айбдор шахсларга нисбатан иккита жиноят иши ва иккита маъмурий иш қўзғатилди. Жорий йил биринчи чорагида судьялар дахлсизлиги бузилиши ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашиш бўйича бирорта ҳолат қайд этилмаган.
Бироқ, судьялар дахлсизлигига таъсир ўтказиши эҳтимоли юз берган ҳолатлар учради. Бу бўйича Кенгаш матбуот хизмати томонидан баёнотлар берилиб, воқеликка муносабат билдирилди.
Тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Кенгаш ташаббуси билан пора олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган судья ва оила аъзоларининг изтироби акс этган «Пушаймон» номли қисқа метражли фильм суратга олиниб, жойларга чиққан ҳолда барча судья ва уларнинг турмуш ўртоқларига намойиш қилинди.
Коррупциявий жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш мақсадида «Пора берма» номли постер фуқаролар қабулхоналарига, «Пора олма» номли буклет эса судьяларнинг хизмат хоналарига жойлаштирилди.
«Судьянинг маънавияти, одоби ва масъулияти» номли маърифий китоб чоп этилиб, барча судьяларга бепул тарқатилди.
Бундан ташқари, судьяликка номзодлар ва судьяларнинг касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон психологик тест дастури ишга туширилди.
Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилди. Бунда судья профессионаллик, малакалилик, интизомлилик, масъулиятлилик нуқтаи назаридан баҳоланади.
Электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилиши натижасида энг юқори рейтинг - баллга эга бўлган 16 нафар судья «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирланди. Рейтинг кўрсаткичи паст 42 нафар судьянинг малакасини ошириш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда.
Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА