Нукусда Давлат хизматлари агентлигининг тўрт йиллик фаолияти сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, роппа-роса тўрт йил аввал 12 декабрь куни давлат хизматларини кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ этиш сари дадил қадам қўйилди. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан янги ташкилот фаолиятига асос солинди. Унинг асосий вазифалари этиб бюрократия ва коррупциянинг олдини олиш, халқимизнинг давлат органларига бўлган ишончини оқлаш этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган улуғвор ғояни шиор қилган ҳолда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан ўтган йиллар мобайнида қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари аҳоли учун муҳим ва керакли хизматларни олиши мумкин бўлган жойга айланишга улгурди.
Ташриф буюрувчилар учун қулай бўлган Давлат хизматлари марказларининг 160 га яқин (70 таси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида) инновацион бинолари барпо этилди, 40 га яқин биноларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда инсон кундалик ҳаётида зарур бўлган хизматлардан ортиқча оворагарчиликларсиз ва энг муҳими, яшаш жойидан қатъий назар экстерриториал тамойили асосида фойдаланиши мумкин.
Бугунги кунда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига доир 129 та қонун ҳужжати ишлаб чиқилди, юздан ортиқ маъмурий регламент қабул қилинди. Бунинг натижасида талаб этиладиган ҳужжатлар сони 181 тадан 86 тага камайтирилди, хизмат кўрсатиш муддати ҳам 499 кундан 271 кунга қисқартирилди. Ўтган тўрт йил давомида Давлат хизматлари марказлари орқали 40 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди.
Давлат хизматлари агентлиги ҳар бир фуқарога яшаш жойидан қатъий назар, сифатли давлат хизматларидан фойдаланиши учун имкон яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, давлат идоралари орасидан биринчилардан бўлиб, Агентлик томонидан “мобиль”, яъни сайёр давлат хизматлари йўлга қўйилди.
[gallery-5060]
Дам олиш кунлари ДХМ ходимлари махсус техникалар билан жиҳозланган транспорт орқали бориш қийин бўлган чекка ва тоғли ҳудудда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатиш мақсадида жойларга бориб, уларга зарур ҳужжатларни тақдим этади. Шу кунга қадар қулай ва шаффоф услублардан фойдаланган ҳолда республика бўйича 1 миллионга яқин сайёр хизмат кўрсатилди.
Марказларнинг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг давлат идоралари вакиллари билан алоқасини имкон даражада камайтирадиган тизимни яратишдир. Буларни амалга оширишнинг асосий мезони эса — давлат идоралари архив ҳужжатларини рақамли кўринишга ўтказиш ва давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида зарур бўлган маълумотларнинг электрон тизимларини ташкил этишдан иборат. Давлат хизматларидан фойдаланиш янада қулай бўлиши учун Агентлик мутахассислари томонидан электрон рақамли имзони онлайн олиш имконияти яратилди.
Фарзанд туғилганлигини расмийлаштириш учун ФҲДЁ органларида композит (бирлаштирилган) хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилганлиги ҳам навбатдаги қулайликдир. Яъни, туғилишни қайд этиш, болани поликлиникага рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Композит давлат хизматлари кўрсатилишининг йўлга қўйилиши билан 15 дан ортиқ ҳужжат қисқариб, 4 та идорага боришга чек қўйилди.
Тадбиркорлик соҳасида ҳам бир мунча жараёнлар осонлашди. Эндиликда бизнесни рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда 30 та тижорат банкда ҳисобрақам очиш имконияти мавжуд. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бирга ходимларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, шунингдек, электрон рақамли имзо олиш ҳам мумкин.
Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан ташкилот фаолиятига асос солинганлигининг 4 йиллиги арафасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан республика бўйича “Давлат хизматлари карвони” акцияси ташкил қилинди. Карвон “Афросиёб” поездининг Тошкент-Бухоро йўналишидан старт олиб, Қорақалпоғистон Республикасида ўз ниҳоясига етди. Нукус тумани “Саманбай” овул фуқаролар йиғини Узункўл массивида жойлашган 19-умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳамда ўқитувчиларнинг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш билим-кўникмаларини ошириш учун талаб юқори бўлган давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ўргатилиб, мактабга компьютер қурилмаси, Хўжайли туманида янги замонавий Давлат хизматлари маркази фойдаланишга топширилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА