4-сектор: режадаги ишлар амалга ошдими?
Сектор ҳудудидаги 46 та маҳалла фуқаролар йиғинида 29 мингдан зиёд хонадон мавжуд. 39 минг 764 оилада 163 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Сирдарё вилояти солиқ бошқармасига бириктирилган 4-сектор ҳудудида амалга оширилаётган ишлардан аҳоли мамнунми? Режада белгиланган чора-тадбирларнинг неча фоизи бажарилди?
Сектор ҳудудидаги 46 та маҳалла фуқаролар йиғинида 29 мингдан зиёд хонадон мавжуд. 39 минг 764 оилада 163 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Вилоят солиқ бошқармаси матбуот ва ахборот хизмати маълумотига кўра, жами аҳолининг 5,7 фоизи эҳтиёжманд. Эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий кўмак бериш бўйича сектордаги 484 нафар саховатпеша тадбиркорлар томонидан 2 минг 722 ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 797 миллион сўмлик амалий ёрдам берилган.
Хусусан, 237 нафар фуқарога 108 миллион 400 минг сўм молиявий ёрдам кўрсатилган. 2 минг 348 нафар фуқаро 579 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 8 нафар фуқаро 5 миллион 600 минг сўмлик дори-дармон билан таъминланган. Шунингдек, 17 нафар кам таъминланган фуқарога 39 миллион 100 минг сўмлик иссиқхона қуриб берилган. Пандемия туфайли эълон қилинган карантин даврида 4-сектор ҳудудида оиласига олиб келаётган даромаддан маҳрум бўлган фуқароларга кўмаклашилмоқда.
Гулистон тумани Зарбдор маҳалласида яшовчи фуқаро У.Туронов хонадонида бўлдик. Бир уйда 2 оила, 10 жон яшаркан. Умумтаълим мактабида қоровул бўлиб ишлаётган У.Туронов 560 минг сўм ойлик маош олар экан. Турмуш ўртоғи карантин сабаб 3 ойдан буён даромад манбаидан маҳрум бўлган, 2 нафар фарзандининг бири ногирон. У.Туронов оиласига озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари мунтазам етказиб турилганидан, 4-сектор раҳбари ташаббуси билан томорқасидан самарали фойдаланиши ҳамда моддий ҳолатини яхшилаб олиши учун бир сотихли иссиқхона қуриб берилганидан жуда мамнун. Бундан ташқари у ногирон фарзандининг жарроҳлик амалиёти Тошкент шаҳридаги «Акфа медлайн» клиникасида бепул амалга оширилишидан жуда миннатдор.
– Секторда олиб бораётган ишимизнинг асосий мазмуни – эҳтиёжмандларга моддий ёрдам кўрсатиш ёки маслаҳатлар беришгина эмас, балки, камбағаллик даражасидаги фуқароларни бу ҳолатдан чиқаришга алоҳида эътибор қаратиб, уларни кафолатланган даромад олишини таъминлашдан иборат, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Жўрабек Ғойибов. – Хусусан, сектор ҳудудидаги эҳтиёжманд оилаларда меҳнатга лаёқатли 2 минг 459 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шу кунга қадар, уларнинг мингга яқинининг бандлиги таъминланди.
Масалан, «Бек кластер» қўшма корхонаси Мирзаобод туманида яшовчи 74 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаган бўлса, Сайхунобод тумани Ўрикзор маҳалласидаги «Ёрқинбек Яшнаров» қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативига 40 нафар шу ҳудудда истиқомат қилувчилар, қолганлари эса жамоатчилик асосидаги ҳақ тўланадиган меҳнатга, 4-сектор ҳудудидаги ғаллачилик ҳамда пахтачилик фермер хўжаликларига ишга жойлаштирилди.
Дарвоқе, ҳудуддаги янги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида Гулистон туманида ўтган ойда ишга тушган «Милли текстиль Сирдарё» масъулияти чекланган жамияти 260 нафарга қўшимча яна 140 нафар, шу ойда фаолиятини бошлаган «Мис миледи» ҳамда «Равшан-Азамат» фирмалари қошидаги 2 та тикув фабрикасида жами 450 нафар, Мирзаобод туманидаги «Гулистон голд ярн» масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик корхонаси ип ва мато ишлаб чиқариш цехига 80 нафар, акциядорлик тижорат «Турон банк»и Сирдарё филиали томонидан янги ташкил этилган 20 гектар лимончилик иссиқхонасига 46 нафар ишсиз фуқаролар доимий иш ўрни билан таъминланди.
– Секторимиздаги қолган меҳнатга лаёқатли фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида ҳудуддаги туманлар ҳокимлари билан биргаликда аниқ йўналишларда ҳисоб-китоб қилиб олдик, – дейди Жўрабек Ғойибов. – Жумладан, саноат соҳасидаги корхоналарга 194 нафар, қурилиш соҳасидаги корхоналарга 391 нафар, хизмат кўрсатиш ва савдо фаолиятига 207 нафар, мева ва сабзавотчилик хўжаликларига 318 нафар, ўзини ўзи банд қилиш ишига 449 нафар, карантин талаблари юмшатилиши билан фаолиятини тиклай бошлаган корхоналарга 680 нафар фуқароларни бандлигини таъминлаш мақсадида иш олиб бораяпмиз.