Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бекзод Тошпўлатов Зафаробод туманидаги энг чекка “Чимқўрғон” қишлоқ фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабуллар фуқароларнинг кўпдан буён ечимини топа олмаётган муаммоларини ҳал этишда асосий восита бўлиб, ишни маҳаллабай тизимида ташкил этган сектор раҳбарлари ҳудудларга борган ҳолатда аҳоли муаммоларини тинглаб, унга ечим топиш мақсадида ташкил этаётгани айни муддао бўлмоқда.
Туманнинг энг чекка ҳудудида ташкил этилган ушбу қабулда кўтарилган 45 дан ортиқ фуқароларнинг турли ижтимоий, иқтисодий, маиший ва шахсий масалалар бўйича мурожаатлари бирма-бир тингланиб, қайд этиб борилди.
Фуқаролар томонидан кўтарилган аксарият мурожаатлар ичимлик сув, электр энергияси таъминоти, йўлларни таъмирлаш, ҳудуддаги ижтимоий инфратузилма объектлари – қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда давлат мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш, дорихона ва тадбиркорлик фаолияти учун кредит маблағлари расмийлаштиришда кўмаклашиш, бандлик каби масалалардан иборат бўлди.
Сектор раҳбари, масала кўтарган фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, мурожаатларнинг бир қисми жойида бартараф этилган бўлса, маҳаллада “соҳабай”, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш самарадорлигини ошириш, аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш юзасидан туман сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар масъулларига тегишли топшириқлар берилди.
Мазкур сайёр қабул давомида ўз ечимини топмаган мурожаатларни бартараф этиш учун аниқ муддат белгиланиб, ижроси вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбарининг шахсан назоратида бўлиши таъкидланди.
Тадбир якунида ҳудуднинг фаол ёшларига бадиий адабиётлар жамламаси ва спорт инвентарлари топширилди. 2 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизга ўзини ўзи банд қилиши учун электр печ берилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА