4 ойда натижа: 4 ёшгача юролмаётган бола оёққа турди
Бугун мактабгача таълим тизими ходимларининг “Август кенгаши” анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун мактабгача таълим тизими ходимларининг “Август кенгаши” анжумани бўлиб ўтмоқда. Унда имконияти чекланган болалар билан ишлашдаги натижа ва муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, 1-6 ёшгача бўлган болалар ўртасида махсус таълимга муҳтожлар кўрсаткичи умумий болалар сонининг 1.1 фоизини ташкил этади.
– Бугунги кунда 178 та махсус болалар мактабгача таълим муассасалари бор, – дейди вазирлик бўлим бошлиғи Умида Муҳитдинова. – Мисол учун, Қорақалпоғистондаги “Имкон” ихтисослашган болалар мактабгача таълим муассасасида республикада аналоги йўқ, реабилитацион марказ бор. Бу ерда турли нуқсонли болалар тарбияланмоқда. Бугун натижалар яққол кўзга ташланяпти. Масалан, эшитиш тизимида нуқсони бор болалар учун мўлжалланган аудио технологиялар ёрдамида бир неча болада нутқни ривожлантиришга эришдик. Таянч ҳаракат тизимидаги нуқсон сабабли 4 ёшгача юра олмаган болакай апрель ойида қўшимча мосламалар билан юра бошлаган бўлса, бугун у мустақил оёққа турмоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Анжуман давомида бу тақдимот қарсаклар билан қарши олинди. Чунки, видеолавҳада бу натижа яққол намоён бўлиб турганди. Келгусида бу каби энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган реабилитацион хоналар сонини ошириш режалаштирилган.