Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
4 октябрь – Жаҳон ҳайвонларни муҳофаза қилиш куни
10:25 / 2025-10-04

Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот оламида юзага келаётган турли хавф-хатарлар шароитида табиат ва борлиқнинг мавжуд ҳолатини сақлаб қолиш, ҳайвонларни асраб-авайлаш муҳим аҳамият касб этади. Биохилма-хиллик йўқолиб бораётган айни бир пайтда ўсимлик ва жонзотларни сақлаб қолиш, муҳофаза этиш экологик мувозанатни асрашнинг муҳим шартидир.

1931 йил Флоренцияда Табиатни муҳофаза қилиш ҳаракати тарафдорларининг халқаро конгрессида Жаҳон ҳайвонларни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бутунжаҳон ҳайвонлар куни сайёрамизнинг ҳайвонот дунёсини сақлаш ва уй ҳайвонлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда одамларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган.

Ҳайвонларни муҳофаза қилиш борасида Ўзбекистонда ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ушбу соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга оид муносабатлар тартибга солинган.

Жумладан, шу йил 16 январда Президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга кўра, ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан сақлаш, ана шу ҳайвонларни мусодара қилиш фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 875 минг сўмдан 3 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

“Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон табиатида учрайдиган ёввойи ҳайвонларни овлаш тартиб-қоидалари тартибга солинади.

Бундан ташқари, ҳайвонларни идентификация қилишга доир қонун қабул қилинган бўлиб, унга кўра, жисмоний ёки юридик шахслар томонидан сақланадиган ёки кўпайтириладиган ҳайвонлар белгиланган тартибда идентификация қилиниши ва рўйхатга олиниши белгиланди. Бу йўналишдаги ишлар учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ваколатли орган этиб белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, 4 октябрь – Жаҳон ҳайвонларни муҳофаза қилиш куни бутун Ер сайёрасида ҳайвонот оламини асраш, йўқолиш арафасидаги турлар, биохилма-хилликни сақлашда муҳим экологик саналардан бири ҳисобланади.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА