French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарёда 4 мингга яқин ишчи-ходим норасмий ишлатилган
08:57 / 2020-03-19

Замонавий алдаркўсалар ҳақидаги ҳикояни эшитганмисиз? Йўқ, дейсизми? Ахир буни Сирдарёнинг 7 яшар боласи ҳам биладику? Наҳотки сиз эшитмаган бўлсангиз?!.

ЁХУД "АЛДАРКЎСА, ЭШАК ВА АМИР" ЛАТИФАСИ ЗАМОНАВИЙ ТАЛҚИНДА

Замонавий алдаркўсалар ҳақидаги ҳикояни эшитганмисиз? Йўқ, дейсизми? Ахир буни Сирдарёнинг 7 яшар боласи ҳам биладику? Наҳотки сиз эшитмаган бўлсангиз?!.

...Бирор корхона, ташкилот ёки идорада норасмий ишлаган даврингиз меҳнат стажига қўшилмаслигини биласизми? Бу меҳнатга яраша пенсия олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишиничи? Ҳой-наҳой, ишлаган даврида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик пайтлари учун ижтимоий тўловлар ҳам тўланмаслигини билмасангиз керак. Мабодо сиз аёл киши бўлсангиз, иш ҳақи сақланган ҳолда туғиш олди таътили ва туғишдан кейинги суюнчи пулларини ҳам олиш имконига эга бўлмаслигингизни биласизми? 

Афсуски бу каби салбий ҳолатлар, “Мен тадбиркорман, мени ишимга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” деб, ўзи хон, кўланкаси майдон қилиб юрган “ишбилармон” раҳбарлар жамиятимизда тез-тез учраб тураётгани ачинарли.

Сирдарё вилоятида ана шу каби салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан бир қатор амалий чора-тадбирлар олиб борилаётганини шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз.

Йирик миқдорда даромадга эга бўлган корхоналар солиқ ҳисоботларида ходимлар сонини бир-икки нафар қилиб кўрсатиши ёки бажарилган иш ва хизматлар реализациясидаги фарқнинг келиб чиқиши, шунингдек, ҳисоботларда “0” кўрсатилиши, солиқчиларнинг таҳлилий ўрганишларига омил бўлади.

Хусусан, Янгиер шаҳрида фаолият юритаётган “Pleaсу Romania” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қитмиржон Хасисов (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ва географик номлар ўзгартирилган) томонидан тақдим этган ҳисоботларида бажарилган ишга нисбатан ходимлар сонида катта фарқи борлигини давлат солиқ тизими ходимлари сезиб қолади. Ушбу ҳолат жойига чиқиб ўрганилганда МЧЖда 17 нафар ходимни тадбиркор Қитмиржон Хасисов норасмий равишда ишлатаётгани маълум бўлди.

Солиқ юкининг пасайтирилганлик омиллари, МЧЖ раҳбарига амалдаги қонунлар асосида атрофлича тушунтирилганидан сўнг, уларнинг ҳаммаси расмий рўйхатга олинди.

Ширин шаҳрида аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи “Shirinoy transportlar servislari” фирмаси раҳбари Муғомбирбек Билмасбоев солиқ идорасига топширган ҳисоботлари “сир”ини фош қилиб қўйди.

– Ўрганишлар натижасида, ушбу фирмада 8 нафар ходим расмий ҳисоботларда қайд этилмай ишлатиб келинаётгани маълум бўлди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси инспектори Дилшод Холиқов. – Ушбу идора масъуллари билан ҳам ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилди. Бу ходимлар расмий рўйхатга олинди.

Агар Сирдарёда юқоридаги каби иккита ҳолат бўлганида, ушбу мақолани ёзиб ўтиришга ҳожат қолмас эди. Аммо, минг афсуски, жорий йилнинг ўтган 2 ойи давомида 4 мингга яқин ишчи ва ходимлар расмий равишда рўйхатдан ўтказилмай ишлатиб келинган. Фақатгина солиқ идораси вакилларининг аралашувидан кейингина муаммо бартараф этилди. Ушбу муаммонинг бартараф этилиши, мамлакатимизда фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинаётганидан далолат беради, албатта.

Аммо ўша норасмий ишлаган ҳамюртларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмасликлари, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги пастлигидан баъзи раҳбар ва тадбиркорларимиз “унумли” фойдаланиб қолмоқчи бўлгани ўта ачинарли, ҳол.

Мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар соҳа ривожига хизмат қилишига, аҳоли фаровонлигини, бандлигини таъминлашга йўналтирилган бир пайтда, баъзи “ишбилармон” раҳбар ва тадбиркорларнинг бу “ишлари” инсофданмикан? 

Амалдаги қонун талабларига риоя қилмай, ўз ватандоши бўлган ишчи-хизматчилар тақдирига ачинмай, ҳисоботларида уларнинг сонини атай камайтириб ёки умуман кўрсатмай, белгиланган солиқ тўловларини ўз вақтида тўламай юрган раҳбар ёки тадбиркорларнинг бундай ҳаракатлари ноинсофликдан бошқа нарса эмас. Замон зўрники, томоша кўрники, даври аллақачон ўтиб кетди, жаноб ишбилармон, тадбиркор, раҳбар жаноблар? 

Дарвоқе, мақоламиз бошидаги Алдаркўса, эшак ва амир тўғрисида гап бошлагандик.

...Алдаркўса чойхонанинг бир четидаги сўрига ўтириб эшагига қараб куйиб-пишиб нималарнидир тушунтираётганида чойхоначи унинг олдига келиб, қизиқсинибди: “Эшакка гапиряпсизми, Алдаркўса?”

– Ҳа, эшакка гаплашиш маданиятини ўргатаяпман, – дебди Алдаркўса.

– Ахир, эшак гапириш маданияти у ёқда турсин, гапингизни ҳам тушунмайдику? – дебди чойхоначи кўрсатгич бармоғи билан бошини чеккасини кўрсатиб.

– Тўғри, лекин уни “50 йил ичида гапиртираман”, деб амирдан минг тилло олганман-да, – дея жавоб қилибди Алдаркўса.

– Ҳа, нодон-а, эшакни 100 йилда ҳам гапиртира олмайсан, энди каллам кетди деявер, – дебди чойхоначи унга ачиниб.

– Балки гапиртира олмасман, лекин 50 йил ичида бирортамиз, ё мен, ё эшак ёки амир ўлиб кетишимиз аниқ, – деган экан Алдаркўса.

“Билса ҳазил, билмаса чин”, қабилида иш тутаётган баъзи раҳбар ва тадбиркорларимизни замонавий алдаркўсалар, дейишдан йироқмизу, аммо ишчи кучини кўрсатмай, расмийлаштирмай, даромадни яшириб, солиқни тўламай, “Фойда қиламан”, деса, қаттиқ янглишади. Бир жойда ёлғон йўл билан топган даромадингиз, бошқа жойдан тўрт, беш ва ҳатто ўн карра зиёди билан зарарингизга чиқиб кетиши шубҳасиз. Бировнинг ҳақи, бировга ҳеч қачон буюрмаган, шуни унутманг, жаноб замонавий алдаркўсалар!