Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
4 минг 300 гектар ўрмон фонди ерлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
17:18 / 2024-02-06

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Низомиддин Бакировнинг “Ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Агентлик директорининг қайд этишича, мамлакатимизда ўрмонларни муҳофаза қилиш, ўрмон фонди ерларидан оқилона фойдаланиш, уларда дарахтлар ва буталарни экиш ҳамда етиштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўрмон фонди ер майдонларида ўрмон хўжаликлари томонидан 1,1 тонна чўл ва бошқа турдаги дарахтлар ва буталарнинг уруғлари жамғарилган. Ниҳолхона ва кўчатхоналарнинг умумий майдони 1,3 минг гектарга етказилиб, 166 миллион дона турли мевали ҳамда манзарали дарахтлар ва буталарнинг кўчатлари, ниҳоллари етиштирилган.  

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйича 3 млн. тупга яқин дарахтлар ва буталарнинг кўчатлари ҳамда ниҳоллари бепул етказиб берилган, 457 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо этилган.  

Ўрмон фонди ерларидаги экотуризм объектлари сони 280 тага, экотуристик маршрутлар сони 38 тага, ташриф марказлари сони 5 тага етказилган. 2023 йилда олинадиган ялпи даромад 320 миллиард сўмни, ўрмон маҳсулотлари бўйича ички маҳсулот ишлаб чиқариш 8,8 триллион сўмни ташкил этган.  

Мажлисда депутатлар давлат ўрмон фондидан унумли фойдаланиш, экотуризмни ривожлантириш чораларини кўриш, ўрмон фонди ҳудудидаги яйловларда чорва молларини боқиш масалаларига оид қатор саволларни ўртага ташлади. Соҳага оид фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

– Ўрмон хўжаликларидаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганда доимий равишда Бош прокуратурага маълумотлар тақдим этилмоқда, – деди Н.Бакиров. – Бугунги кунга қадар 243 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 4 минг 300 гектар, ноқонуний қурилиш қилиш бўйича 884 ҳолатда 180 гектар, мақсадсиз фойдаланиш борасида 46 ҳолатда 112 гектар ер майдонлари аниқланган. 2017 йилдан бошлаб ноқонуний эгалланган 28 минг ер майдонларининг 25 минг гектарини қайтариб олиш чоралари кўрилди. Бундай ҳолатларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳам кўриб борилмоқда. Масалан, 198 та ҳолатда суд органларига даъво аризалари киритилган. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан ноқонуний берилган ҳолатлар ҳам ўрганилиб, ўрмон фонди ерларини қайтариш чоралари кўрилган.  

Шунингдек, Ўрмон хўжалиги агентлиги директори ўз ахборотида “Яшил макон” доирасидаги ишлар, чўл ҳудудлари деградациясининг олдини олиш, Орол ҳудудида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталди. Қайд этилганидек, Оролнинг қуриган тубида ташкил этилган яшил қопламалар натижасида ушбу ҳудудда ёғингарчилик миқдори 30 фоизга кўпайган. Ўтган йили “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилган кўчатларнинг 10 миллиони қуриб кетгани уларнинг лойиҳасиз экилгани, сув етиб бормагани, эгасига бириктирилмагани оқибати эканлиги таъкидланди.  

Эшитувда депутатлар кўтарган саволларга тегишли жавоблар қайтарилди. Муҳокамаларда қатор таклиф ва тавсиялар берилди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА