Энергетика тармоқларини модернизация қилиш, аҳолига барқарор электр таъминотини кафолатлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу сабабли, Навоий вилоятида электр тармоқларини янгилаш ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам қатъий назорат остида олиб борилмоқда.
"Ўзэнергоинспекция" Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Қизилтепа ва Конимех туманларида 4 та маҳалла фуқаролар йиғинида паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ҳамда якунланган қурилиш-монтаж ишлари кўрикдан ўтказилди.
Ўрганиш жараёнида қурилиш-монтаж ишларининг амалдаги қоида талабларига тўлиқ жавоб бермагани маълум бўлди. Хусусан, темир-бетон таянчларда рақамлаш ишлари бажарилмаган, 0,4 кВ тақсимлаш қурилмаси кабеллари тартибсиз ҳолда жойлаштирилган, трансформаторларга бир чизиқли схемалар якунланмаган ҳамда таянчлардаги гидроизоляция талаб даражасида эмаслиги аниқланди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудудий масъулларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди ва жараён қатъий назоратга олинди.
Инспекция ахборот хизматига кўра, Навоий вилоятидаги ушбу ҳолат қурилиш-монтаж ишларида сифатга эътиборни кучайтириш зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда. Энергетика тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарали бўлиши учун ҳар бир босқичда назоратни таъминлаш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса аҳолини барқарор электр таъминоти билан таъминлашда асосий омил ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА