Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2019 йилдаги резолюциясига мувофиқ, ҳар йили 4 декабрь "Халқаро банклар куни" сифатида нишонланади. Бу сана жаҳон молия тизимининг барқарор ривожланиш ва иқтисодий ўсишга қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиш мақсадида жорий этилган.
БМТ ушбу қарор орқали банк тузилмаларининг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш дастурини амалга оширишдаги ролини муҳим деб баҳолади.
Ташкилот маълумотларига кўра, дунё иқтисодиётида юз бераётган таҳликали ўзгаришлар — савдо чекловлари, инвестиция оқимларининг пасайиши, қарз хатарлари ва иқлим ўзгариши каби хавфлар — молия секторига янги масъулият юкламоқда. Шу боис, банклар фақат кредит бериш ёки депозит қабул қилиш билан чекланиб қолмай, узоқ муддатли, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга сармоя киритишда фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланмоқда.
Молия институтлари томонидан ижтимоий тенгсизликни камайтириш, аҳолининг барча қатламларига банк хизматларини етказиш, кичик бизнес ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш каби вазифаларни бажариш — барқарор ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Юртимизда банк сектори иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда, тадбиркорликни ривожлантиришда ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим ўрин тутади. Молия тизими орқали юзлаб инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилади, кичик бизнес учун шарт-шароитлар яратилади, янги иш ўринлари ташкил этилади.
Мамлакатимизда 2020 йилда қабул қилинган “2020–2025 банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси” доирасида банклар трансформация қилинмоқда. Шунингдек, таркибий қайта қуриш, хўжалик юритиш моделини ўзгартириш ва хусусийлаштириш устувор вазифага айланди.
2025 йилнинг ноябрида Марказий банк томонидан 2025-2028 йилларга мўлжалланган банк назоратини кучайтириш “Roadmap”и тасдиқланди. Ушбу “Roadmap” доирасида, халқаро банк назорати стандартлари, жумладан Basel III қоидалари тўлиқ жорий этилади. Капитал талаби, риск-менежмент, корпоратив бошқарув сифати, индивидуал ва банк гуруҳлари назоратини кучайтириш каби массив чоралар белгиланди. Бу орқали банк тизимида фаолият юритишда шаффофлик, ҳисобдорлик ва халқаро стандартларга мослик таъминланмоқда.
Шу билан бирга, банклар орасида фаолиятни яхшилаш, рақамли хизматлар, мижозларга қулайликлар, SME (кичик ва ўрта бизнес) лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали жамоат ва бизнес учун молия имкониятлари кенгаймоқда.
Ислоҳотлар самарасида банк сектори бозорга мослашмоқда, рақобат, назорат, шаффофлик ва корпоратив бошқарув жиҳатдан такомиллашмоқда.
Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган бу ислоҳотлар нафақат банклар фаолиятини ўзгартирмоқда, балки молия хизматлари, кредитлаш, бизнес ва инвесторлар учун имкониятлар майдонини кенгайтирмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА