Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
39 та уран конида тахминан 100 минг тоннага яқин захира аниқланди
17:22 / 2021-12-17

Миллий матбуот марказида Давлат геология қўмитаси томонидан стратегик фойдали қазилма бойликларини қидириб топиш борасида олиб борилаётган геология қидирув ишларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда геологик-қидирув ишларини кенгайтириш, технологияларни янгилаш, соҳада илм-фанни тиклаш, малакали кадрларни тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.  

Президентимизнинг 2019 йил 18 ноябрдаги «Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йил 30 ноябрда илк бор «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвони таъсис этилди. Шунингдек, жорий йил 31 январь куни давлатимиз раҳбари Геология фанлар университетига тамал тоши қўйди. Қисқа вақт ичида бу лойиҳа амалга оширилиб, бинонинг бир қисми шу йилнинг 11 декабрь куни Президентимизнинг Мирзо Улуғбек туманига ташрифи чоғида фойдаланишга топширилди. Университет биноси энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган.  

Бугунги кунда геология соҳасига эътибор кучайди. Давлат геология қўмитаси таркибидаги энг йирик корхоналардан бири бўлган «Уранкамёбметгеология» акциядорлик жамияти Ўзбекистон уран захирасини тўлдириш, уран қидириб топишда йирик корхоналардан ҳисобланади. Мазкур жамият ташкил топганига 70 йил тўлди. Уран хомашё базасини тўлдириш, мавжуд саноат корхоналари ва кон бошқармаларининг уран маъданига бўлган талабини қондириш мақсадида юртимиз бўйлаб геологик-қидирув ишларида жонбозлик кўрсатаётган мазкур корхонанинг мамлакат иқтисодий ривожида хизмати катта. 

Жамият тасарруфида 258 та автотранспорт воситаси, оғир йўл қурилиш ва ташиш техникаси мавжуд. Бу эса ўз навбатида, соҳадаги ишларни изчил ва тизимли йўлга қўйишда катта хизмат қилади. Юртимизда қазиб олинаётган уран маҳсулоти атом электр станциялари ва бошқа йўналишларда фойдаланиш учун Япония, Франция, АҚШга экспорт қилинмоқда.  

- Бугун мамлакатимизда жами 39 та уран кони мавжуд, — дейди Давлат геология қўмитаси бўлим бошлиғи Шерали Жўраев. — Уларнинг тахминан 100 минг тоннага яқин захираси мавжуд. Бу эса юртимизнинг иқтисодий ривожланишида узоқ йиллар хизмат қилишига замин яратади. Яна бир муҳим маълумот, мавжуд конларнинг 35 таси қумтошли, 4 таси корасланесли тоифасига киради. Уран қумтошли конлар асосан Навоий ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларида жойлашган. Ҳозирги вақтда мазкур турдаги конларни қазиб олиш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Уран корасланесли конларни қазиб олиш технологияси Давлат геология қўмитаси тизимидаги илмий институтларнинг юқори малакали ходимлари томонидан ишлаб чиқилмоқда.  

Шаҳноза Маматуропова,  
ЎзА мухбири