English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
39 та давлатда 56 та сайлов участкаси тузилади
16:30 / 2023-05-24

Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳозирлик кўриш билан боғлиқ, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкаларини тузиш ҳамда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширувчи эксперт гуруҳларини тузишга оид масалалар кўриб чиқилди.

Биринчи масала юзасидан Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров маълумот берди:    

— Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 22 октябрдаги 966-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилади. Ушбу талаблардан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг 39 та чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкасини тузиш мақсадга мувофиқ.  

Қонунчилигимизга кўра, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тузиладиган участкаларни округга бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади. Шундан келиб чиқиб, хориждаги сайлов участкаларини 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктириш таклиф этилмоқда, — деди МСК раиси ўринбосари.      

Мажлисда ушбу масала юзасидан сўз олган МСК аъзолари иш, ўқиш, хизмат сафари ва бошқа мақсадлар билан хорижий давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг сайлов ҳуқуқларини таъминлашда чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналаримиз ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Муҳокамалардан сўнг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида 56 та сайлов участкасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ҳамда мазкур сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилди.      

Мажлисда шунингдек, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширувчи эксперт гуруҳлари тузилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди. Эксперт гуруҳи таркибига жами 36 нафар криминалист, хатшунос эксперт-мутахассислар, шунингдек, олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг вакиллари жалб этилди. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳам иштирок этади.    

Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилгани Марказий сайлов комиссияси томонидан тўрт кунлик муддатда текширилади.    

Мажлисда кўрилган барча масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.    

   

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА