388 дона балиқ 105 миллион сўмга тушди
Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги Сирдарё вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси, Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ҳамкорлигида Сардоба туманида назорат рейди тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида Сардоба сув омборидан фуқаролар С.Қ ва Ш.Э лар томонидан 2023 йил 13 март куни соат 22:00дан 14 март соат 2:30га қадар вақт оралиғида ўзларига тегишли бўлган 2 дона резина қайиқ, 4 дона эшкак ва 4 дона узунлиги 320 метр бўлган таъқиқланган балиқ тутиш қуроли, яъни лескали тўр ёрдамида жами 6 турдаги 388 дона балиқларни ноқонуний равишда овлаганлик ҳолати аниқланди.
Содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳайвонот дунёсига етказилган 105 миллион 870 минг сўмлик зарар миқдори белгиланди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўриш мақсадида прокуратура органига тақдим этиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Ш. Суяров, ЎзА