English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
36 минг 853 нафар талабгор хотин-қизлардан тавсиянома олиш учун аризалар қабул қилинди 
11:33 / 2024-06-19

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, 208 та туман (шаҳар)ларда эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқиш бўйича туман (шаҳар) Ишчи гуруҳининг таркиби тасдиқланди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизматига кўра, шу йилнинг 30 майидан 7 июнига қадар 36 минг 853 нафар талабгор хотин-қизлардан тавсиянома олиш учун аризалар xotin-qizlar.uz электрон платформаси орқали онлайн қабул қилинди. 

Энг кўп аризалар Қашқадарё (4 минг 368 та), Фарғона (3 минг 982 та), Самарқанд (3 минг 876 та), Қорақалпоғистон Республикаси (3 минг 876 та) ҳиссасига тўғри келди. Туман (шаҳар)лар кесимида энг кўп аризалар Нукус шаҳри (859 та), Олтиариқ (581 та), Қўшкўпир (481 та), Ғузор (429 та), Қарши тумани (413 та) дан келиб тушган. 

8-10 июнь кунлари туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари томонидан аризалар Низом талаблари асосида кўриб чиқилиб, хулосалар берилди. Шунингдек, туман (шаҳар) Оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан талабгор хотин-қизларга тавсиянома бериш ёки тавсиянома беришни рад этиш тўғрисида буйруқлар расмийлаштирилди. 

Республика бўйича жами 18 минг 481 нафар (50,1 фоиз) хотин-қизга тавсиянома берилди, 18 минг 372 нафар (49,9 фоиз) талабгорга тавсиянома бериш рад этилди. 

Қўмитанинг тавсиянома бериш, шунингдек, тавсиянома беришни рад этиш тўғрисидаги буйруғи xotin-qizlar.uz электрон платформасига жойлаштирилди ва туман (шаҳар) Оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳамда ишчи гуруҳларига талабгорларни хабардор қилиш учун юборилди. 

Талабгорларнинг мобиль телефон рақамига тавсиянома беришга тавсия этилгани ёки рад этилгани тўғрисида хабар юборилди. Шунингдек, тавсиянома олиш учун ариза берган хотин-қизлар xotin-qizlar.uz электрон платформаси орқали ўзларида тавсиянома бор ёки йўқлигини текшириш имконияти яратилди. 

Берилган тавсияномалар xotin-qizlar.uz электрон платформасида мавжуд. Платформа маълумотлари Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказига кўчирилгани боис, интеграция жараёнларида тегишли IP манзилларда ўзгариш юзага келган. Ҳозирда мазкур техник масалалар бартараф этилганидан сўнг, берилган тавсияномалар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг тегишли платформасига интеграция қилинади. 

Соҳалар кесимида нисбатан кўпроқ “бошланғич таълим”, “даволаш иши”, “мактабгача таълим”, “бухгалтерия ҳисоби ва аудит” йўналишлари бўйича тавсияномалар берилди. 

Н.Усмонова, ЎзА