Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ОАВ вакиллари учун 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар якуни ва 2026 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, якунланган йилда юридик ва жисмоний шахслардан 1800 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ўрганишлар натижасида 35,5 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектлари фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
– Биргина истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида жисмоний ва юридик шахслардантушган мурожаатларнинг 88 фоизи ижобий ҳал этилиб, 2,5 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари истеъмолчилар фойдасига ундириб берилган, – дейди ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари Мамазариф Элмуродов. – “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганлиги бўйича 67 та ҳолатда “иш” қўзғатилган ҳамда давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ҳокимлик органларига 11 та ҳолатда тақдимномалар киритилган. Шунингдек, давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан ўтказилган танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди ва 670 дан ортиқ савдолар жараёнида 752 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган. Аниқланган қонун бузилиш ҳолатидан 391 таси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълумотномалар тақдим этилган бўлса, 361 та ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан 45 та иш қўзғатилган. 58 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган.
Бошқарма ходимлари томонидан товар-хом ашё биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар реализация қилиниши жараёнлари ўрганилиши натижасида 100 дан ортиқ ҳолатда манипуляция ва қонунчилик талаблари бузилиши аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан 6 та субъектга нисбатан рақобат қонунчилиги юзасидан ишлар қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилган. Шунингдек, табиий монополиялар томонидан асоссиз ҳақ ундириш юзасидан умумий суммаси 33 миллиард сўмдан ортиқ 4 та, устун мавқеини суиистеъмол ҳолатлари 4 та, картель келишувлари бўйича 6 та ва 2 та ҳолатда инсофсиз рақобатга йўл қўйилганлиги аниқланиб, тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилган.
Йил давомида барча турдаги ташқи реклама объектларида 3764 маротаба реклама қонунчилиги юзасидан мониторинг ишлари амалга оширилиб, 2000 дан ортиқ ҳолатда камчиликлар аниқланган ва жойида бартараф этилган. Шунингдек, 24 та корхонага нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилган.
[gallery-27506]
Матбуот анжуманида 2026 йилда белгиланган вазифалар юзасидан ҳам маълумот берилди. Жумладан, ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорларининг рақобат муҳити юзасидан хатловдан ўтказиш, вилоятда мавжуд устун мавқеига эга субъектлар реестрига кирувчи корхоналар хизматларини таҳлил қилган ҳолда ушбу хизмат турлари бўйича рақобатни ривожлантириш чораларини кўриш, товарларни экспертизадан ўтказиш бўйича назорат харидларини амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, бозорларда маҳсулот турлари бўйича ички бозор тўйинганлиги, маҳсулотга бўлган эҳтиёж ҳажми ва сотилиш нархларини ҳудуд ва тармоқлар кесимида таҳлил қилиш, рекламаларни жойлаштириш ҳамда тарқатиш бўйича ўрганиш (мониторинг) ўтказиш ҳам йил давомида олиб борилаётган ишларнинг асосини ташкил этади.
Матбуот анжумани сўнггида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари