Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
352 мингдан ортиқ фуқаронинг пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилинади
17:08 / 2022-07-06

2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача ойлик иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробарига ошириш назарда тутилмоқда. Бу “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига партия электорати манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашилди.  

Таъкидланганидек, бугунги кунда пенсионерларнинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятига оид бўлган даврлари учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса-да, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлганда, қолган сумманинг миқдори пенсия ҳисоблашда инобатга олинмайди. Қабул қилиниши таклиф этилаётган янги тартиб иш ҳақининг миқдори, иш стажи ва пенсия миқдори ўртасидаги боғлиқликни таъминлаш орқали пенсия тизимида ижтимоий адолат қарор топишига ёрдам беради. Яъни, яхши ишлаб, яхши ҳақ олган одамлар яхшироқ пенсияга ҳам эга бўлиш имконияти янада ортади. 

Қайд этилганидек, ушбу тартиб нафақат 2023 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқадиган фуқаролар учун, балки 2023 йил 1 январдан олдин тайинланган пенсионерлар учун ҳам татбиқ этилади. 2023 йил 1 январдан бошлаб 352 мингдан ортиқ фуқаронинг пенсияси қайтадан ҳисоб-китоб қилинади. Қонун лойиҳаси қабул қилинса, ёшга доир пенсия миқдори яна 400 минг сўмгача ошади. 

Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инсон қадрини улуғлаш, пенсионерларнинг турмушини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади. Ҳужжат мазмуни Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида назарда тутилган мақсадларга тўла мос келиши таъкидланиб, қонун лойиҳаси бир овоздан маъқулланди. 

Шунингдек, фракция аъзолари йиғилишда “Географик объектларнинг номлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Солиқ ва божхона қонунчилиги, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларининг қўлланилишини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ҳам муҳокама қилдилар.  

Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди. 


Муҳтарама Комилова, ЎзА