АОКАда ўтказилган брифингда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш натижалари тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг I чорагида қишлоқ хўжалиги соҳасида камчиликлар содир этилишининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида 21 минг 462 та назорат тадбири ўтказилди. Шундан, 3 минг 954 та текшириш давомида 1 минг 921 та ҳолатда 284,2 миллион сўмлик маъмурий жарима қўлланилди, 354 та материал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойланилиши бўйича олиб борилган мониторингларда 679 та ҳолатда 166 гектар ер майдонида қонунбузилиш аниқланган. Бунда 98,1 миллиард сўм миқдорида қишлоқ хўжалигига етказилган зарар ҳисобланди. Аниқланган ер қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тўпланган 413 та материал қонуний қарор қабул қилиш учун прокуратура органларига юборилган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, “Техникалар ҳисоби” тўғрисидаги маълумотлар алмашувида 6 турдаги ягона интерактив давлат хизматидан фойдаланиш учун “my.gov.uz” порталида мурожаат қилиш имконияти яратилди. 15 та вазирлик-идоранинг ахборот тизимига интегрaция қилиниб, сўровларга электрон тарзда жавоб берилиши йўлга қўйилди. 49,1 минг дона техника техник кўрикдан, 7,9 минг донаси давлат рўйхатидан ўтказилди. 20,1 минг дона техник паспорт, 2,9 минг дона техник гувоҳнома ва 8,1 минг дона давлат рақам белгиси ҳамда 6,7 минг дона тракторчи-машинист гувоҳномаси берилиб, 9,7 миллиард сўмлик давлат хизматлари кўрсатилган.
2024 йилнинг январь-март ойларида 34 та субъектнинг 807 гектар уруғлик ғалла майдони сифатсизлиги аниқланиб, яроқсиз уруғлик дон жамғарилиши олди олинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА