34 миллион 39 минг 831 сўм ходим фойдасига ундирилди
Бундан бир неча ой бурун Сирдарё вилояти сув спорти турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби йўриқчи-услубчиси лавозимида 2016 йилдан 2024 йилнинг 29 июлига қадар ишлаб келган Х. Ш. ҳеч қандай огоҳлантиришсиз иш берувчи ишдан бўшатгани учун қайта ўз иш жойига тикланишида амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилоят Кенгашига мурожаат қилганди.
–Унинг мурожаати белгиланган тартибда, томонлар иштирокида ўрганилди, – дейди Кенгаш меҳнат ҳуқуқ инспектори Ш. Умаралиев. – Шундан сўнг иш берувчига ишга тиклаш тўғрисида тақдимнома ҳам киритилди. Аммо иш берувчи тақдимнома, унда кўрсатилган талабларни рад этгач, ходим Х. Ш.ни ишга тиклаш масаласида Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво ариза киритдик.
Ушбу иш яқинда кўриб чиқилди. Иш иш берувчининг эмас, ходим фойдасига ҳал этилиб, суднинг 2024 йил ноябрь ойидаги қарорига биноан Х.Ш. ўз лавозимига қайта тикланди. Прогул бўлиб қолган кунлар учун мактаб маъмурияти Х. Ш.га 34 (ўттиз тўрт) миллион 39 минг 831 сўм тўлаб берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири