34 миллиард сўмлик ер участкалари сотилди
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида 2022-2023 йилларда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бўш ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш юзасидан Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, йил бошидан бери Тошкент вилояти ҳудудида “Yerхususiylashtirish” автоматлаштирилган ахборот тизимига жами 7 минг 257 та ер участкалари юзасидан таклифлар киритилган.
Шундан 858 таси қишлоқ хўжалиги ерларида ва муҳофаза ҳудудида жойлашгани ҳамда бўш ер эмаслиги аниқланиб рад этилган бўлса, 1 минг 584 та ер участкалари эса ваколатли идоралар томонидан рад этилган. Айни пайтда 2 минг 244 та ер участкалари онлайн савдоларга чиқарилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллик даври мобайнида жами 404 та ер участкалари 34 миллиард 327 миллион сўмга сотилган. Қуйидаги туманларда бўш ер участкалари сони бўйича юқори кўрсаткичлар қайд этилган: Қуйи Чирчиқ туманида – 279 та, Бўка туманида – 288 та, Пискент туманида – 446 та.
А.Мусаев, ЎзА.