Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
3,4 фоиз автотранспортларда зарарли тутунлар меъёрдан юқори
10:49 / 2021-10-05

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, пойтахтимизда 10 сентябрдан 10 октябрга қадар ўтказилиши белгиланган “Тоза ҳаво” тадбири давомида 270 мингдан зиёд автотранспорт воситаларини экологик назоратдан ўтказиш режалаштирилган.

Айни пайтга қадар текширилган автотранспорт воситаларининг 9 мингдан ортиғида зарарли тутунлар меъёрлардан юқорилиги аниқланиб, ҳайдовчиларга огоҳлантириш берилган. Икки мингдан ортиқ автомобилдан чиқаётган ифлослантирувчи моддалар нормадан ортиқ бўлгани учун ҳайдовчилар жаримага тортилган. 3 мингга яқин автотранспорт воситалари нормадан ортиқ ҳолларни бартараф этиш учун вақтинча тўхтатилиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига йўналтирилган.

Қайд этилишича, “Тоза ҳаво” тадбири самарадорлигини ошириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда автотранспорт воситаларининг экологик ҳолатини нафақат автойўллар ёки ЙПХ масканларида, балки ҳар йили ўтказилаётган мажбурий техник кўрик чоғида ҳам олиб борилишига келишилди.

Мазкур тадбир давомида ЙПХ масканлари, кўчалар ҳамда автокорхоналарга кириш-чиқиш жойларида автотранспорт воситалари текширилиб, уларда ишлатилган газларида ифлослантирувчи моддалар давлат стандартларида белгиланган нормалардан ортиқ бўлган тақдирда вақтинча тўхтатиб таъмирлаш эвазига 102 тонна ифлослантирувчи моддалар атмосферага чиқарилишининг олди олинган.

Мажбурий техник кўрик доирасида 43 минг 400 га яқин автотранспорт воситаларининг ифлослантирувчи моддалари миқдори экологик назоратдан ўтказилган. Мазкур техник кўрик жараёнида 200 га яқин автотранспорт воситаларида ифлослантирувчи моддаларнинг нормадан ортиқ ҳолати аниқланиб, бартараф этиш учун автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига йўналтириш чораларини кўрилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА