Янги йил байрами яқинлашмоқда. Байрам яқинлашгани сари пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси авж олади. Кўчаларда эшитилиши бошланган пақилдоқлар товуши эса киши кўнглини хира қилади.
Тошкентда божхона ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорликда йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйди. Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ва Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида тезкор кузатувга олинган фуқаро бошқарувидаги “Isuzu” русумли юк автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилиши натижасида унинг юкхонасида “турп” маҳсулотлари орасига яширилган, хорижда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд бўлмаган, умумий қиймати 327 миллион 150 минг сўмлик 2 турдаги 459 минг 279 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА