Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
32 тадбиркорлик субъектига қонунчилик бўйича тушунтиришлар берилди
22:36 / 2021-04-23

Бугунги кунда республикамиз бўйлаб автомобилларни ювиш шохобчаларида ер ости сувларидан махсус фойдаланиш бўйича берилган рухсатномаларни қайта кўриб чиқиш бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг гидрогеология соҳасида рухсатномалар бериш тартиб-таомиллари бўлими бошлиғи Нурбек Пўлатов бу борадаги ишлар ҳақида маълумот берди.

– Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари томонидан 2021 йил 8 февралда тасдиқланган чора-тадбирлар режасида автомобилларни ювиш шохобчаларида ер ости сувларидан махсус фойдаланиш бўйича берилган рухсатномаларни қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланган, – деди Н.Пўлатов. 

– Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март-апрель ойларида республика миқёсида автомобилларни ювиш шохобчалари ўрганилди. Унда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси рухсат берувчи тартиб-таомиллари бўлими, ҳудудий гидрогеология станциялари, кон-геология фаолиятини назорат қилиш минтақавий инспекциялари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари иштирок этмоқда.

Жорий йил 20 апрель ҳолатига кўра, Андижонда 12 та, Жиззахда 8 та, Навоийда 7 та, Наманганда 9 та, Самарқандда 14 та, Сирдарёда 9 та, Тошкентда 6 та ва Фарғонада 8 та, Қорақалпоғистон Республикасида 29 та ва Тошкент шаҳрида 12 та, жами 114 та автомобилларни ювиш шохобчаси ўрганилган. Ўрганишлар натижасида жами автомобиль ювиш шахобчаларидан 32 таси, яъни 28 фоизи ер ости сувларидан ва 82 таси , бошқа сув манбаларидан фойдаланаётганлиги аниқланди.

Ер ости сувларидан фойдаланган ҳолда автомобиль ювиш фаолияти билан шуғулланаётган 32 тадбиркорлик субъектига сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ер ости сувларидан махсус фойдаланиш учун тегишли ҳужжатлар (қудуқ техник паспорти ва рухсатнома) давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиниши зарурлиги таъкидланди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида 8 та автомобиль ювиш шохобчаси учун ер ости сувларидан махсус фойдаланиш ёки уларни махсус истеъмол қилиш рухсатномалари расмийлаштирилди.

82 та бошқа сув манбаларидан фойдаланаётган автомобиль ювиш шохобчасидан 29 таси (асосан Сирдарё вилоятида) ичимлик сув тармоғидан, 15 тасида жисмоний шахсларнинг ўз уйидаги качалкадан ва 38 та ҳолатда ер усти сувларидан (ариқ, канал, зовур кабилар) фойдаланаётганлиги аниқланди.

Масъуллар томонидан бу борадаги ишлар давом эттирилади.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

ёзиб олди