Мамлакатимизда меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили 314,1 мингдан ортиқ меҳнат мигрантига ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилган. Бошпанасиз қолган 358 меҳнат мигранти вақтинча яшаш жойлари билан таъминланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди.
6 боб, 48 моддадан иборат қонун лойиҳасида вақтинчалик меҳнат фаолияти, меҳнат мигранти, меҳнат мигрантининг оила аъзоси, меҳнат органлари, ноқонуний меҳнат миграцияси, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, чет эллик иш берувчи ва юборувчи ташкилот каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган.
Қонун лойиҳасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда. Унга кўра, мамлакатимиздан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш кафолатларини таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, тартибли ташқи меҳнат миграциясини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, унга имкон яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда ва ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва бир қатор таклифларини билдирди. Шундан келиб чиқиб фракция қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА