English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
31 ёшини қарши олаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи улуғланди
21:04 / 2022-11-18

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганига 31 йил тўлди. Мазкур сана муносабати билан Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Муқаддасдир Ватан байроғи” номли маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Нукус ҳарбий прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар Маънавият ва маърифат бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Тантанали тадбир Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳияларини ижро этиш билан бошланди. Нукус ҳарбий прокурори адлия полковниги Шуҳрат Зоиров тадбирни очиб бераркан, Давлат байроғининг муҳим аҳамиятга молик жиҳатлари, ҳуқуқий асослари ҳақида йиғилганларга сўзлаб берди.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.

[gallery-9658]

Тадбирда иштирок этган маърузачилар давлат байроғидаги ой ва юлдузлар ҳамда ранглар ҳақида тўхталиб, мовий ранг мусаффо осмон, тинчлик ва осойишталик рамзи экани, буюк саркарда Амир Темурнинг давлати байроғи ҳам мовий рангда бўлгани ва бир туғ остига 27 давлатни бирлаштирганини алоҳида эътироф этишди.

Нукус шаҳридаги Президент мактаби ҳамда Ибрайим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган ижод мактаби ўқувчиларининг Ўзбекистон байроғи тараннум этилган шеърий чиқишлари, Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси хонандалари, “Айқулаш жулдузлари” ашула ва рақс ансамбли ҳамда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси томонидан она юрт, истиқлол, тинчлик ва осойишталикни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар давлат байроғи улуғланган тадбирнинг жўшқин кайфиятда ўтишини таъминлади.

Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаби ижодкор-ёшларининг Ўзбекистон байроғи тасвирлари туширилган композицион ишлари иштирокчиларга ҳавола этилди.

Тадбирдан сўнг 600 дан ортиқ ҳарбий ва ўқувчи-ёшлар ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Соғлом ҳаёт учун 5000 минг қадам” пиёда юриш акциясида қатнашди. Соғлом турмуш тарзини одат қилишга тарғиб этган акцияда ҳарбийлар ва ёшлар 31 ёшини қарши олаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини мағрур қўтарганча ҳарбий оркестр садолари остида олиб ўтишди.

 

ЎзА