Андижон давлат тиббиёт институти 31 нафар талаба қизнинг тўлов-шартнома пулини тўлаб берди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, қийин турмуш шароитида яшаётган опа-сингилларимизга моддий-маънавий кўмак беришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий ўқув йилидан тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг 100 нафарини вилоят ҳокимликлари ҳамда молиявий барқарор давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди.
Юқорида қайд этилган қарор ҳамда белгиланган тартиб ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилоятидаги олий таълим муассасаларига қабул қилинган 120 нафар хотин-қизнинг тўлов-контракт пуллари вилоят ҳокимлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлаб берилган эди.
Бундан ташқари, юқорида қайд этилган қарорда олий ўқув юртлари томонидан ҳам ана шу тоифага кирувчи опа-сингилларимизнинг тўлов-контракт пуллари қоплаб берилиши белгиланган. Ана шундан келиб чиқиб, Андижон давлат тиббиёт институти томонидан ота-онаси йўқ, эҳтиёжманд оилаларда яшаётган 31 нафар талаба хотин-қизнинг шартнома пуллари тўлаб берилди. Институт ректори Мадаминжон Мадазимов талаба қизларга тўлов-шартнома пуллари тўланганлиги тўғрисидаги сертификатларни топширди.
[gallery-4857]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА