Булоқбоши туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам таъминланган оилаларда яшаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, айниқса, бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
–Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Холисхон Холматова. – Туманимизда ҳам бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Натижада кўплаб опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланмоқда, уларнинг доимий даромад манбаи шакллантирилмоқда.

Тумандаги 37 та маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг 328 нафар аёл “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг 303 нафарига ёрдам кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз 229 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Шундан 133 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 17 нафари пул тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 79 нафари ўзини ўзи банд қилди. Бундан ташқари, 52 нафар қиз-аёл касб-ҳунарга ўқитилиб, уларга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун 260 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.
Тумандаги ишсиз, тадбиркорлик, касаначилик қилиш орқали даромад топиш истагида бўлган, «Аёллар дафтари» ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган 31 нафар қиз-аёлга туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан субсидия асосида тикув машиналари берилди.

–Тикувчилик ҳунарини эгаллаганман, лекин тикув машинам йўқлиги учун бу иш билан шуғуллана олмаётгандим, – дейди Учкўча маҳалласида яшовчи Муаззам Юнусалиева. – Янги тикув машинаси сотиб олишга эса имконим йўқ эди. Туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари вакиллари, маҳалламиз хотин-қизлар фаоли тавсиясига асосан субсидия асосида замонавий тикув машинаси олдим. Энди ишлаб, даромад топиш имконига эга бўлдим.
Туманда кўрсатилаётган эътибор ва берилаётган кенг имкониятлар натижасида субсидия ҳисобига тикув машиналари олиб, ўз хонадонида тикувчилик фаолияти билан шуғулланаётган аёллар сафи тобора ортиб бормоқда.

Умуман, туманда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд аёлларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган юқоридаги каби ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари