Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
31 минг 162 та буюртма ижобий ҳал этилди
15:03 / 2023-11-15

Бухоро вилоятида 10 ойда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласида 45 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган.

Мулк дахлсизлиги ҳар кимнинг ўз бойликларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқига эга эканлигини англатади. Бу фуқаролик масъулиятининг ошиши, давлат олдида барчанинг тенглигини таъминловчи муҳим омилдир.

Бу борада кўчмас мулкнинг кадастр идораларидан давлат рўйхатидан ўтганлиги муҳим аҳамиятга эга. Сабаби, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш – юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлиги фактининг давлат томонидан тан олинишини билдиради.

–Жорий йилнинг ўтган ўн ойида кўчмас мулкларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида Давлат кадастрлари палатасининг Бухоро вилояти бошқармасига Давлат хизматлари марказлари ва ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда нотариуслар орқали юридик ва жисмоний шахслар номидан 45 минг 909 та буюртма келиб тушган бўлиб, шундан 31 минг 162 та буюртма ижобий ҳал этилди, – дейди Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими бошлиғи Миршод Шукруллаев. –11 минг 188 та буюртма рад қилинган ва 1030 та буюртма учун ўрнатилган тартибда тўлов шаклланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар тўлови кутилмоқда.

Буюртмаларнинг тўлови ўз вақтида амалга оширилмаслиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари кечикишига ва, бу ўз навбатида, кўчмас мулк эгасига ва давлат идораларига бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқаради. Тўлов амалга оширилмаганлиги сабали юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари кадастр идораси томонидан расман давлат рўйхатидан ўтказилмайди. Натижада “Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида Давлат Реестридан кўчирма” берилмайди. Бундан ташқари, кўчмас мулкка оид маълумотлар кўчмас мулкнинг аввалги эгаси номида туради ҳамда ушбу кўчмас мулкка тааллуқли ҳар қандай солиқ тўловлари унга юборилади. Шунингдек, автоматик тарзда турли чеклов ва тақиқлар қўлланилиши мумкин.

Бу масаланинг яна бир оғриқли томони, агар бугунги кунда “тўлови кутилмоқда” бўлиб турган буюртмаларни бекор қилиб, янгидан буюртма талаб этиладиган бўлса, ўтган йиллар давомида республикамизда ойлик иш ҳақи бир неча бор оширилганлиги, базавий ҳисоблаш миқдори ҳам ўзгарганлиги сабабли, тўланиши лозим бўлган сумма ошишига олиб келади.  

Кадастр соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, кўчмас мулк объекти мулкдорлари ёхуд ушбу объект бўйича ашёвий ҳуқуқлар эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келганда, бошқа шахсга ўтганда, чекланганда ёки бекор бўлганда ёхуд кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб бир ой муддатда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, гаров хати расмийлаштирилганда эса – кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилишлари шартлиги назарда тутилган.

Шу боис, жорий йилнинг 1 мартидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунига асосан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳақ тўланмаган бўлса, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади.

 

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири