Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
11:27 / 2025-08-31

Ватанимиз тарихидаги 31 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Мазкур хотира куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 1 май куни қабул қилинган “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги фармонига асосан эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганларнинг хотирасини эслаш, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, замондошларимиз, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва онгида ўтганлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром туйғусини тарбиялаш мақсадида жорий этилган. Қатағон қурбонларини ёд этиш маросими ҳар йили 31 август куни Мустақиллик байрами арафасида пойтахтимиз Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида ўтказилади. 

870 йил (бундан 1155 йил олдин) – ислом оламининг йирик мутафаккири, буюк муҳаддис, муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий Самарқанднинг Хартанг қишлоғида вафот этди. Буюк муҳаддис ҳижрий 256 йил Ийд ал-фитр кечаси (милодий 870 йил 31 августда) ҳижрий ҳисобда 13 куни кам 62 ёшда оламдан ўтдилар.

1398 йил (бундан 627 йил олдин) – Ҳиндистон юришига отланган Амир Темурга Кобул яқинида суиқасд қилинди. Бу воқеани тарихчи олим Хондамир қуйидагича қайд этган: “Эртасига мазкур ойнинг ўн еттинчиси жума куни собитқадам Соҳибқирон Тахтиравон деб аталувчи қўнғир отини миниб, қалъа (Кобул яқинидаги Эрёб қалъаси) гирдини айланаётган пайтда рўпарадаги дарвозага етиб келди. Дарвоза устидаги болохона тешигидан ул ҳазрат жонига қасд қилиб ўқ отдилар ва ўқнинг ўтиб кетаётган овозидан от ҳуркиб кетди ва у газанда ўқ ул саодатманд Хусравга тегмади”.

1865 йил (бундан 160 йил олдин) – Усмонийлар ҳукумати Қўқон хонининг илтимосини Мажлиси Махсусда муҳокама қилаётган бир пайтда амирлашкар Алимқулнинг ўлими ва Россия империяси қўшинларининг Тошкентни ишғол қилганлиги хабари Истамбулга етиб келди. Шу йилнинг бошларида Қўқон хони Султон Сайидхон Россия империяси тажовузига қарши курашда ёрдам сўраб Усмонийлар султонига ўз элчиларини жўнатган, элчилар апрелда Истамбулга етиб борган эдилар. Тарихчи Муқаддасхон Аҳмедованинг қайд этишича, бу воқеадан сўнг Усмонийлар султони Абдулазиз фармонига кўра, Қўқон ва Бухорога мактуб ёзилиб, элчиларга йўл харажатлари учун маблағ ажратилади. Мактубда султон Абдулазиз Ўрта Осиё хонларини бирдамликка чақиради.

1912 йил (бундан 113 йил олдин) – геолог олим, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ҳабиб Абдуллаев таваллуд топди (вафоти 1962 йил). У 1956–1962 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти сифатида фаолият юритди. Ҳабиб Абдуллаев 130 дан ортиқ илмий асар, жумладан, 7 та монография ёзди. У Ўзбекистонда иқтидорли ёшлардан фаннинг турли соҳаларида, жумладан геология бўйича миллий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди. Ҳабиб Абдуллаев 2002 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

1920 йил (бундан 105 йил олдин) – қизил армия томонидан амирлик пойтахти Бухоронинг шафқатсизлик билан ўққа тутиб бомбардимон қилиниши, шаҳар обидалари ва минглаб бегуноҳ аҳолининг нобуд бўлиши амир Олимхонни шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга мажбур этди. Тарихчи У.Рашидовнинг қайд этишича, амир Олимхон 1920 йил 31 августдан 1 сентябрга ўтар кечаси шаҳарнинг Самарқанд дарвозасидан чиқиб, Ситораи Моҳи Хосса (амирнинг ёзги саройи), Вобкент, Ғиждувон ва туғилган она шаҳри Кармана орқали Шарқий Бухорога чекинди. 

1952 йил (бундан 73 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуд Тоир таваллуд топди. У – анъанавий услуб шоири. Шеърларида оддий инсоний туйғулар, юрт мадҳи ва муҳаббат мавзулари акс этган. Унинг кўплаб шеърлари таниқли хонандалар томонидан куйланади. У 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида” Конституциявий Қонун қабул қилинди. Шундай қилиб, 1991 йил 31 августда ўзбек халқи 126 йиллик қарамлик давридан сўнг ўз миллий давлатчилигини тиклаш бахтига эришди. Дунё сиёсий харитасида жуда қадимий давлатчилик анъаналарига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлди.

1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Тошкентда Амир Темур ҳайкали очилди. Ўрта асрларнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Амир Темурга кейинчалик Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг марказий майдонларида ҳам ҳайкаллар ўрнатилди.

1995 йил (бундан 30 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикаси ҳаво флоти кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонунга биноан, август ойининг учинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво флоти куни” этиб белгиланди.

2000 йил (бундан 25 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.

2002 йил (бундан 23 йил олдин) – Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида биринчилардан бўлиб “Қатағон курбонлари хотираси” музейи очилди. Музей Россия империяси ва совет ҳокимияти даврида Ватан озодлиги йўлидаги фаолияти учун қатағон этилган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил қилинган. Бу миннатдор авлодларнинг ўз аждодлари хотирасига эҳтиромидир.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлди. Мажмуага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди ва нутқ сўзлади. 

2018 йил (бундан 7 йил олдин) – мамлакатимиз тарихида биринчи марта чет элликларга Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Боғнинг марказий қисмида муҳташам бадиий обида – Мустақиллик монументи барпо этилди. Маълумки, эл-юртимиз ўзининг қадимий ўтмиши давомида шонли воқеаларни, турли синов ва қийинчиликларни, зафарли даврлар билан бирга, фожиали кунларни ҳам бошидан кечирган. Мустақиллик монументида булар бадиий акс эттирилган.

Ёдгорлик юртимизда Янги Ўзбекистонни – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси билан уйғун ҳолда барпо қилингани айниқса аҳамиятлидир. Унда миллий давлатчилигимизнинг рамзи бўлган Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг мовий гумбази, юлдузлар оламига қараб юксалган Мирзо Улуғбек расадхонаси, дунё илм-фани ва цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккир боболаримизнинг энг нодир илмий кашфиётлари ўзининг бор маҳобати ва шукуҳи билан кўз олдимизда яққол намоён бўлиб турибди. Тинчлик ва эркинлик, эзгулик ва фаровонлик тимсоли бўлган, кўкда мағрур парвоз қилаётган Ҳумо қуши тасвири монументнинг энг юқори қисмида – бамисоли унинг гултожи бўлиб ўрин эгаллаган.

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Я.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ва унинг Бухоро филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – “Кинематография фидокори” кўкрак нишони таъсис этилди. Кўкрак нишони билан миллий кинематография соҳасини ривожлантириш, бадиий ва ғоявий жиҳатдан етук фильмлар яратиш, миллий фильмларни маҳаллий ва хорижий кинобозорларда кенг тарғиб қилиш, соҳада замонавий ва жаҳон тажрибасига асосланган ишлаб чиқариш ва бошқарув тизимларини жорий этиш ишларига муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА