Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
30 йиллик муаммо бартараф этилади
12:40 / 2023-02-06

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Қўрғонча маҳалласидаги томорқа ерларда етиштирилган деҳқончилик ва зироатчилик маҳсулотлари нафақат ўзимиз, балки қўшни давлатлар бозорларида ҳам харидоргир бўлган. Кейинги йилларда томорқа ерларни суғоришда юзага келган муаммолар миришкорларнинг ишига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Мазкур муаммони бартараф этиш, қишлоқда яна томорқачиликни кенг ривожлантириш мақсадида айни кунларда маҳалла ўрамида эзгу лойиҳа амалга оширилмоқда. Аҳоли вакилларининг таклифлари, давлатимиз раҳбарининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида қишлоқдаги аҳоли хонадонлари томорқасини Катта Фарғона каналидан суғориш учун алоҳида тармоқ тортилмоқда. Қиймати 2 миллиард 236 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳа доирасида айни кунда Катта Фарғона каналидан маҳаллагача 2 минг 160 метр масофада сув тармоғи  тортилмоқда. Каналдан сув олиш учун алоҳида сув иншооти қурилиб, сув насоси ва трансформатор пункти ҳам ўрнатилади.  

Маҳалланинг мақбул жойида сув тақсимлаш маскани ташкил этилади. Сув ўтказиш қобилияти 35 м3/секундни ташкил этувчи ушбу тармоқни қурилиш ишлари “Бешариқ махсус сув пудрат” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари шу йилнинг март ойи охирида якунланади.  

– Давлатимиз раҳбарининг қарори қишлоғимиздаги 30 йиллик муаммога ечим бўлди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳабибулло Маматқулов. – Маҳалла аҳли хайрли ташаббусдан жуда мамнун, нуронийларимиз эса дуода. Насиб, лойиҳа тўлиқ якунига етгач 570 дан ортиқ аҳоли хонадонлари ўз томорқасидан самарали фойдаланиши мумкин. Аҳолимиз етиштирадиган сабзавот ва полиз экинларини айни маҳаллани ўзида бир жойда сотадиган махсус маскан ярмарка ташкил этишни режалаштирганмиз.  

 

М.Сулаймонов,  

ЎзА