Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида ижтимоий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 30 нафар фарзандига суннат тўйи ўтказиб берилди.
Туман ҳокимлиги ҳамда ҳомийлар кўмагида ўтказилган тўй тантанасида туман ҳокими ва секторлар раҳбарлари, тўйболаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар иштирок этди.
Болажонларнинг суннат тўйлари ўзига хос миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги тўйболалар, уларнинг ота-оналари қалбига қувонч ҳадя этди. Тўйболаларнинг ҳар бирига велосипед, турли ўйинчоқлар совға қилинди.
- 8 март байрами бу йил мен каби ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларнинг хотирасида узоқ йиллар сақланиб қоладиган бўлди. Турмуш ўртоғим вафотидан сўнг икки ўғлимнинг суннат тўйларини ўтказиш армонга айланиб қолаётган эди. Ўғилларимнинг суннат тўйларини зўр тантана билан ўтказдик. Айниқса, фарзандларимнинг бош-оёқ сарполи, велосипедли бўлганига жуда қувондик. Бунинг учун Президентимиздан, ҳукуматимиздан беҳад миннатдорман,--дейди "Соҳил" МФЙда яшовчи Мадина Эрматова.
Шу куни туманда миллий спорт турларимиз--белбоғли кураш ва улоқ-кўпкари мусобақаси ҳам ташкил этилди. Мусобақаларда Республикамизнинг кўплаб туман ва шаҳарларидан келган чавандоз ва полвонлар иштирок этди. Ғолиб чавандозлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Ш.Суяров,Ш.Ортиқбоев сурат), ЎзА мухбирлари