Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
3 йилда доридан заҳарланганлар сони 18 мингдан ортиқни ташкил этган
14:46 / 2025-10-13

Дорихоналарда рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Сабаби, рецепт билан бериладиган дориларнинг ноқонуний айланмаси йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Амалдаги жазо турларининг енгиллиги, жарималарнинг камлиги бу турдаги қонунбузилишлар ортишига сабаб бўлмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2021-2024 йилларда доридан заҳарланган шахслар сони 18 минг 87 нафарни ташкил этган. 177 холатда эса инсон ўлими билан якунланган. Шунингдек, 2022-2024 йил ва 2025 йилнинг 5 ойида 288 та ҳолатда 18 миллиард сўмлик 285 минг дона рецепт билан бериладиган дориларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. 2024 йилда бу каби ҳолатлар 2022 йилга нисбатан 3 бараварга ўсган. Аниқланган ҳолатларнинг 80 фоизини кучли таъсир қилувчи дори воситалари ташкил этган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида «Рецепт билан бериладиган дори воситалари ноқонуний айланмаси учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.  

Депутат М.Ўрозалиеванинг қайд этишича, қонун лойиҳаси сифатсиз ва қалбаки дори воситалари айланмасига чек қўйиш, дорихоналар фаолиятини тартибга солиш,  дори воситаларининг ноқонуний муомаласига оид такрорий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган.  

Қонун лойиҳаси билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга рецепт билан бериладиган дори воситалари ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган ҳолатлар учун жарима жазосини 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда белгилаш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар мавжуд бўлмаган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима жазосини белгилаш, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун эса 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима жазосини белгилаш назарда тутилмоқда.

[gallery-25713]

Муҳокамаларда фракция аъзоси Қизилгул Қосимова қонун лойиҳаси айни пайтда зарур эканини, унинг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш, дори воситаларини реализация қилиш талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда дори воситаларининг ноқонуний айланмаси натижасида аҳоли заҳарланиши ёки ўлими билан боғлиқ оғир оқибатлар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади.  

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳасини қабул қилиш бўйича фракциянинг қарори қабул қилинди.  

Муҳтарама Комилова,

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА